Толиблар Афғонистонда ВВС телеканали кўрсатувларини тақиқладилар

Bbc.com сайти фотосурати

Ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* ҳаракати томонидан тузилган Афғонистон ҳукумати Британиянинг ВВC телекомпанияси кўрсатувларини тақиқлади. Бу ҳақда медиа корпорациянинг ўзи маълум қилди.

Афғонистонда толиблар маҳаллий каналларга қатор хорижий ОАВ контентини кўрсатмасликни буюргач, ВВC телеканалининг пушту, форс ва ўзбек тилларида 6 миллиондан ортиқ томошабинни қамраб олган дастурлари эфирдан олиб ташланди. Сунъий йўлдош телевидениесига эга афғонларнинг атиги 20 фоизи ВВCнинг форс телеканалини кўриш имкониятига эга. Шу билан бирга, корпорациянинг радио ва онлайн хизматларига тегилмаган.

Афғонистонда тақиқланган халқаро телерадиокомпаниялар орасида «Америка овози», Германиянинг Deutsche Welle ва China Global Television Network каналлари бор.

«Биз толибларни ўз қарорини бекор қилишга ва (Афғонистон) телевидениесидаги ҳамкорларимизга ВВC янгиликлар дастурларини эфирга қайтаришлари учун рухсат беришга чақирамиз», — деди ВВC Жаҳон хизматининг тиллар бўйича раҳбари Тарик Кафала (Tarik Kafala).

Тақиқга қадар ВВC Афғонистонда ўзининг ҳамкор телестанциялари орқали ҳар куни пушту тилида ярим соат, ҳафтада беш кун ўзбек тилида 15 дақиқалик ва форс тилида 60 дақиқалик кўрсатувлар олиб борган. Бундан ташқари, форс тилида иккита ҳафталик ахборот-таҳлилий дастурлари эфирга узатилган.

2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган толиблар оммавий ахборот воситалари фаолиятига чекловлар қўйиб, улардаги материаллар «ислом қадриятлари»га мос келишини талаб қилди. Кўплаб журналистлар мамлакатни тарк этдилар, қолганлари репрессияга учрай бошладилар — кўпинча улар ҳибсга олинар ёки калтакланарди. Радикаллар аёлларнинг эфирга чиқишини тақиқладилар. Оммавий ахборот воситалари ходимларининг 80 фоиздан ортиғи ишсиз қолди. Янги ҳокимият журналистлардан керакли материалларни чоп этишни талаб қила бошлади ва кўпинча журналистлардан толиблардан интервью олишларини буюрар, рад этилган тақдирда, уларни ўлдириш билан таҳдид қила бошлади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ