Пуштун етакчилари йиғилиши Афғонистонда сайлов ўтказишга чақирмоқда

Баннудаги пуштунлар жиргаси иштирокчилари. TOLOnews сайти фотосурати

Покистоннинг Банну шаҳрида пуштун қабилалари етакчиларининг жиргаси (йиғилиши) янги ҳукуматни шакллантириш учун Афғонистонда умумий сайлов ўтказишга чақирди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар берди.

Жирга — қабила ва уруғ раҳбарларининг йиғилиши бўлиб, пуштунларнинг ижтимоий кодексига мувофиқ консенсус асосида қарор қабул қилади.

Банну шаҳрида пуштун Жирғаси 11-14 март кунлари бўлиб ўтди. Учрашув иштирокчилари пуштунларга тааллуқли масалалар, жумладан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилдилар.

Натижада, Афғонистонда жамиятнинг турли қатламлари вакилларидан иборат янги ҳукуматни шакллантириш учун Лоя Жирга (мамлакатнинг турли миллатлари вакилларидан ташкил топган бутун афғон оқсоқоллар кенгаши) ва умумий сайловлар ўтказилиши лозимлиги борасида баёнот қабул қилинди.

Баёнотда айтилишича, Афғонистонда барча халқаро стандартларга жавоб берадиган «республика» ҳукумати тузилиши керак. Учрашув иштирокчилари, шунингдек мамлакатдаги гуманитар вазиятдан хавотир билдириб, халқаро ҳамжамият ва Афғонистонга қўшни давлатларни афғонларга ёрдам беришга чақирди.

Пуштун қабилалари етакчилари Дюранд чизиғи бўйлаб тўсиқлар ўрнатилишини танқид қилишди, бу ҳозирда Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегара ҳисобланади, бироқ афғон ҳукумати — аввалги америкапараст ҳукумат ҳам, радикал «Толибон»* томонидан тузилган ҳозирги ҳукумат ҳам — бу чегарани тан олишдан бош тортмоқда. Жирганинг таъкидлашича, Дюранд линияси бўйлаб ўтиш жойлари чегаранинг ҳар икки томонидаги одамларнинг эркин ўтиши учун очиқ қолиши керак.

«Жирга Дюранд чизиғи бўйлаб тўсиқ қўйилишини қатъиян рад этади ва бу йўналишдаги барча тарихий савдо йўллари чизиқнинг ҳар икки томонидаги одамларнинг савдо қилишлари учун очиқ бўлишини ва одамлар ҳужжат тақдим этмасдан эркин ҳаракатланишини истайди», — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг август ойида ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон» асосан пуштунлардан иборат. Толиблар томонидан тузилган ҳукумат аъзоларининг 80% дан ортиғини пуштунлар ташкил этади. Афғонистонда яшовчи бошқа этник гуруҳлар вакиллари, шунингдек, халқаро ҳамжамият «Толибон»дан афғон этник гуруҳлари, шунингдек аёллардан иборат янги ҳукумат тузишни талаб қилмоқда. Ҳозирги толиблар ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ