Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати Осиё тараққиёт банки (ОТБ) рад жавобини берганига қарамай, Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (ТАПҲ) газ қувурининг Афғонистон қисмидаги қурилиш ишларини қайтадан бошлаш ниятида. Бу ҳақда толиблар ҳукуматининг Молия вазирлиги вакили Аҳмад Вали Ҳақмал (Ahmad Wali Haqmal) маълум қилди, дея хабар беради TOLOnews телеканали.
Эслатиб ўтамиз, 9 март куни «Фарғона» ОТБ халқаро ҳамжамият Афғонистоннинг янги ҳукуматини тан олмагунча ТАПҲ лойиҳасини амалга оширишда ёрдам беришдан бош тортиши ҳақида хабар берган эди. Банк ушбу лойиҳанинг воситачиси ва мувофиқлаштирувчиси сифатида ишлаганди. Покистон расмийларига кўра, ОТБ қарори газ қувури қурилишини номаълум муддатга қолдиради.
Бироқ Ҳакмал таъкидлаганидек, ТАПҲ лойиҳаси «тўлиқ Туркманистонга тегишли», шунинг учун уни амалга ошириш ОТБ қароридан кейин ҳам тўхтатилмайди.
ТАПҲ Туркманистон расмийлари учун стратегик муҳим лойиҳа ҳисобланади. Бу газ қувури Туркманистондан Афғонистон ва Покистон орқали Ҳиндистонгача чўзилиши керак ( лойиҳа номи ундаги иштирокчи мамлакатлар номидаги биринчи ҳарфларидан тузилган).
2010 йили Ашхободда лойиҳада иштирок этувчи давлат раҳбарларининг саммити бўлиб ўтди ва унинг якунида газ қувури бўйича доиравий битим ва ТАПҲни амалга ошириш бўйича ҳукуматлараро келишув имзоланган эди. 2015 йили газ қувури қурилишига тантанали равишда старт берилди. У Афғонистон чегарасидан 150 км узоқликдаги Марям вилоятидаги Туркман Галкиниш конидан Афғонистоннинг Ҳирот, Фараҳ, Ҳилманд ва Қандаҳор вилоятлари орқали Покистон ва Ҳиндистонга ўтиши керак. ТАПҲ қувури орқали газ етказиб беришнинг йиллик ҳажми 33 миллиард куб метргача миқдорда бўлиши режалаштирилган.
Афғонистонда ҳокимият «Толибон» томонидан қўлга киритилгач, Туркманистон расмийлари толиблар билан фаол алоқалар ўрната бошлаган. Ашхобод ва толиблар ўртасидаги музокараларнинг асосий жиҳатларидан бири — ТАПҲнинг Афғонистондаги қисмини қуриш масаласи бўлди. Туркманистон дипломатлари ва турли даражадаги расмийлари толиблар томонидан тузилган ҳукумат раҳбарияти билан бир неча бор учрашиб, газ қувури қурилишини бошлаш бўйича келишиб олган. Сўнгги маълумотларга кўра, афғон участкасида газ қувурини ётқизиш ишлари март ойида бошланиши кутилган эди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).