Афғонистонлик комедия актрисаси Надима бундан 25 кун олдин Кобулда ўғирлаб кетилган. Бу ҳақда унинг яқинлари маълум қилди, деб хабар беради TOLOnews телеканали. Уларга кўра, у ўтган йилнинг август ойида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган «Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари томонидан ҳибсга олинган.
Патингара Какай (Patingara Kakai) тахаллуси билан ҳам танилган Надима афғонлар орасида яхши танилган. У кулгили видеолар тайёрлайди ва уларни TikTok, Facebook ва Instagramга жойлайди.
Надиманинг исми ошкор бўлишини истамаган қариндошининг TOLOnews телеканалига айтишича, тахминан бир ой олдин актрисани «Толибон» жангарилари Кобулдаги офисидан олиб кетишган ва ўшандан бери у ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ.
Қайд этиш жоиз, ҳокимиятни эгаллаган толиблар актрисалар иштирокидаги фильмларни суратга олишни тақиқлаган, шунингдек аёлларнинг медиа соҳасидаги фаолиятини жиддий чеклаган.
Сўнгги пайтларда «Толибон» ижтимоий фаол аёлларни мунтазам равишда ўғирлаб кетишмоқда. Улар одатда бир неча ҳафталик қамоқдан кейин озод қилинади. Шундан сўнг, озодликка чиққанлар одатда ҳеч қандай ижтимоий фаолият билан шуғулланмасликни афзал кўрадилар ва қамоқда ўзлари билан нималар содир бўлганини омма олдида айтмайдилар.
Толибларнинг ўзлари эса одам ўғирлаш амалиётини инкор этишади. Ҳозирча улар ҳажвчи Надиманинг ғойиб бўлганига муносабат билдиришмаган.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).