Жаҳон банки (ЖБ) директорлар кенгаши Афғонистонни қўллаб-қувватлаш мақсадида унинг музлатилган пулларидан 1 миллиард доллардан ортиқ маблағни гуманитар ёрдам кўрсатувчи бир қатор агентлик ва ташкилотларга ўтказишга қарор қилди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги Жаҳон банки баёнотига таяниб хабар беради. Пул БМТ тузилмалари ва айрим халқаро ноҳукумат ташкилотларига юборилади.
«Жаҳон банки директорлар кенгаши Афғонистонни тиклаш жамғармаси донорлари ва халқаро ҳамжамият сўровига жавобан афғонларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенгайтирилган ёндашувни маъқуллади», — дейилади банк баёнотида.
Таъкидланишича, бу маблағлар «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган Афғонистоннинг «муваққат ҳукумати назоратидан ташқарида бўлади». Улар турли дастурларни, жумладан, таълим, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳаларини молиялаштириш учун сарфланади.
2021 йил декабрь ойида Жаҳон банки Афғонистонга ёрдам кўрсатиш учун музлатилган маблағлардан Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖОД) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармасига (ЮНИСEФ) 280 миллион доллар ажратишга қарор қилди. Пул мазкур мамлакатдаги гуманитар инқирозга барҳам бериш учун йўналтирилди.
Афғонистонда толиблар ҳокимият тепасига келганидан кейин АҚШ ҳукумати афғон активларини, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси эса Афғонистон иқтисодиёти ва бошқарувини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган маблағларни «Толибон» қўлига тушиб қолишидан ва нотўғри ишлатилишидан хавотирга тушиб, музлатиб қўйди. Россия, Хитой, Покистон ва бир қатор МДҲ давлатлари бу пулларни эркинлаштириш тарафдори бўлиб, АҚШ санкциялари оғир аҳволда қолган афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишга тўсқинлик қилаётганини таъкидламоқда.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).