БМТ Афғонистон шимолида болаларни полиомиелитга қарши эмлаган саккиз нафар тиббиёт ходимининг ўлдирилишини қоралайди. БМТ Бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили ўринбосари Рамиз Алакбаров шифокорларга ҳужум уюштириш ва уларни ўлдириш халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилиши эканини таъкидлади, дея хабар беради БМТ ахборот сайти.
Вакциначилар гуруҳининг бир аъзоси Тахор вилоятининг Талоқан туманида, Қундуз шаҳрида тўрт нафари, Қундуз вилоятининг Имом Соҳиб туманида яна икки вакциначи ва бир ижтимоий ходим ҳалок бўлгани хабар қилинган. Тиббиёт ходимларини ким ўлдиргани номаълум.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Аданом Гебреисус шифокорларга нисбатан зўравонликдан ҳайратда эканлигини айтиб, тиббиёт ходимларини таъқиб қилмаслик кераклигини қўшимча қилди. Унинг қайд этишича, ҳалок бўлганларнинг тўрт нафари аёллардир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тиббиёт ходимларига қилинган ҳужум ортидан Қундуз ва Тахор вилоятларида полиомиелитга қарши миллий эмлаш кампаниясини тўхтатди. ЖССТ Афғонистоннинг икки вилоятида дастурнинг тўхтатилиши минглаб болаларни муқаррар фалажга олиб келиши мумкин бўлган хавфли касалликдан ҳимоясиз қолаётганидан хавотир билдирди.
«Бу ҳужумлар халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилиши ҳисобланади. Бу бемаъни зўравонлик зудлик билан тўхтатилиши ва айбдорлар аниқланиб, жавобгарликка тортилиши керак», — деди БМТнинг мамлакатдаги жамоаси.
Афғонистонда болаларни эмлаётган шифокорларга уюштирилган мазкур ҳужум сўнгги йилларда содир бўлган биринчи бундай ҳодиса эмас. Зеро, 2021 йил ёзида полиомиелитга қарши эмлаш пайтида 9 нафар тиббиёт ходими ўлдирилганди.
Афғонистонда «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан сўнг, ЖССТ, БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) ва бошқа ҳамкорлар кўмагида ўтган йил ноябрь ойидан бошлаб Афғонистонда болаларни полиомиелитга қарши эмлаш кампанияси қайта жонланганди. Жорий ойда бутун мамлакат бўйлаб 5 ёшгача бўлган 10 миллионга яқин болаларни қамраб олиш, йилнинг қолган қисмида яна тўртта тур ўтказилиши режалаштирилган эди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).