Толиблар Кобулдаги назорат-ўтказиш пунктларини кўздан кечира бошладилар

Толиблар махсус бўлинмаси патрули. TOLOnews сюжетидан кадр

Ўтган йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати ҳукуматининг Ички ишлар вазирлиги Кобулдаги назорат ўтказиш пунктларини текшириш учун махсус бўлинма тузди. TOLOnews телеканали маълумотларига кўра, махсус бўлинма тунги патрул хизматини ўтайди, уларга назорат пунктларидаги жангарилар фаолиятини назорат қилиш бўйича кўрсатма берилган.

«Толибон» расмийларига кўра, 500 кишилик махсус бўлинма замонавий қурол-яроғлар билан жиҳозланган ва сўнгги икки ҳафтадан бери Кобулда патруллик қилмоқда.

Мазкур бўлинма толибларнинг назорат-ўтказиш пунктида транспорт воситаларини тўхтатиб, текширишдаги суиистеъмолчилиги юзасидан тушган кўплаб шикоятлардан сўнг ташкил этилди. Ижтимоий тармоқларда одамлар бу ердаги жангарилар одамлардан пул ундираётгани, озиқ-овқат ёки бошқа нарсаларни олиб қўяётганларидан шикоят қилишган.

Бундан ташқари, назорат-ўтказиш пунктидаги жангарилар тинч аҳолини олиб кетаётган машиналарга қарата ўт очган ҳолатлар ҳам такрорланган.

Жумладан, 13 январь куни 25 ёшли ҳазора қизи Зайнаб Абдуллаҳий (Zainab Abdullahi) аёллар ва болалар билан таксида тўйдан қайтаётганида радикал жангари томонидан отиб ўлдирилган. Бу суиқасд Афғонистон пойтахтида толибларга қарши намойишлар ўтказилишига сабаб бўлди.

Натижада толиблар Абдуллаҳий оиласидан узр сўраб, 600 минг афғоний (тахминан 6 минг доллар) миқдорида товон пули тўлаган ва айбдор жангари ҳибсга олинган.

Назорат-ўтказиш пунктларидаги жангариларнинг қонунбузарлиги тўғрисидаги шикоятлар биргина Кобул шаҳри чекланмайди. Толибларнинг транспорт воситаларини тўхтатиш ва текширишдаги суиистеъмолчиликлари айниқса, пуштун бўлмаган этник гуруҳлар яшайдиган вилоятларда шикоятларни келтириб чиқармоқда.

Таъкидлаш жоиз, бундан олдин «Толибон» ҳаракати вакилларининг маънавий-ахлоқий фазилатларини назорат қилувчи «тозалаш комиссияси» ўз фаолияти натижалари борасида ҳисобот берган эди. Январь ойи ўрталарига комиссия «Толибон» шаънига путур етказганлиги учун 4000 дан ортиқ жангариларни радикал ҳаракат сафидан чиқариб юборди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ