Ўзбекистон делегацияси Афғонистон ҳукумати билан иқтисодий лойиҳаларни муҳокама қилди

Сардор Умурзоқов Қобул аэропортида. SputnikAF фотосурати

2022 йил 22 февраль куни Кобул шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон ҳукуматлари вакилларининг кенгайтирилган учрашуви бўлиб ўтди. Музокаралар учун Кобулга бир кун аввал келган Ўзбекистон делегациясига Бош вазир ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилик қилмоқда. Афғон томонидан Афғонистон Муваққат ҳукумати раҳбари ўринбосари Абдул Ғани Барадар иштирок этди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги расмий сайти хабарига кўра, учрашувда инвестициялар, савдо, энергетика, халқаро юк ташиш ва транзит, таълим ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик йўналишларида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди.

«Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» транс-афғон темир йўлини қуриш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар лойиҳани амалга оширишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилдилар ва барча мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Мулоқот чоғида инфратузилмани қуриш ва тиклаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва табиий ресурсларни қазиб олиш бўйича қўшма лойиҳаларда иштирок этиш учун Ўзбекистон компанияларини жалб этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Томонлар Ўзбекистон-Афғонистон савдо-иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар дастурини яқин келажакда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда уни амалга ошириш бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича келишувга эришдилар.

Шу куни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов Кобулда Афғонистон Муваққат ҳукумати раҳбари ўринбосари Абдул Салам Ханафий билан учрашди.

Сардор Умурзоқов Қобулда ҳамкорлар билан учрашмоқда. mift.uz сайти фотосурати

Учрашувда, хусусан ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, мавжуд савдо-транспорт тўсиқларини бартараф этиш вазифалари кўриб чиқилди. Шу нуқтаи назардан, ўз ҳудудида логистика маркази, ишлаб чиқариш ва омборхоналар, маҳсулотларни тарқатиш пунктлари ва зарур инфратузилмани бирлаштирган Термиз халқаро савдо маркази имкониятларидан фойдаланиш таклиф этилди.

Афғонистон томони Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари транспорт-транзит салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Жумладан, учрашувда муқобил транспорт йўналишларини жорий этиш билан Афғонистон ҳудуди орқали унинг транзит имкониятларини ошириш истиқболларини кўрсатган ҳолда транспорт воситалари ва юкларни олиб ўтиш учун ўзаро мақбул шарт-шароитларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича келишувга эришилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ