Толиблар март охирида ўғил-қизлар учун барча мактабларни очишини маълум қилдилар

Афғон ўқувчи қизлари. Ariana News фотосурати

Афғонистонда ўғил болалар ва қизлар учун ўқув йили мамлакатда қўлланиладиган ҳижрий тақвим бўйича янги йилнинг биринчи кунидан, яъни 21 мартдан кейин бошланади. Бу ҳақда «Толибон»* радикал ҳаракати ҳукуматининг Таълим вазирлиги маълум қилди.

«Ўқув йили барча таълим даражасидаги қизлар ва ўғил болалар учун (ҳижрий тақвим бўйича) 1401 йил биринчи ойининг биринчи кунидан бошланади», — дейилади вазирлик хабарида.

Афғонистонда Янги йилнинг биринчи ойи Наврўз байрамидан сўнг бошланади.

Таълим вазирлиги вакили «қизлар дарсларини аёллар, ўғил болаларни эса эркаклар ўқитиши»ни тушунтирди. Унинг таъкидлашича, аёл ўқитувчилар йўқ бўлганда, қизлар дарсларида «тажрибали, ёши каттароқ эркак ўқитувчилар» дарс беришлари мумкин. «Ўғил болалар ва қизлар учун мактаб ва дарс вақтлари ҳар хил вақтда бўлмаслиги керак», — деди вакил.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил август ойида толиблар ҳокимиятни қўлга киритгач, Афғонистондаги барча таълим муассасалари ёпилган эди. 19 сентябрда мактаблар очилди, лекин унда фақат ўғил болалар ўқиши ва фақат эркак ўқитувчилар ишлаши мумкин эди.

Кейинчалик, бир қатор вилоятларда кичик, ўрта ва катта ёшдаги ўқувчилар учун мактаблар фаолият юрита бошлади. Ҳозирда Афғонистоннинг 34 вилоятидан 7 тасида қизларнинг мактабга бориш имконияти мавжуд.

Халқаро ҳамжамият афғон қизларининг мактаб ва университетларда ўқишига рухсат берилиши учун дипломатик йўллар билан толиблар режимига босим ўтказиб келаётганини таъкидлаш лозим. Январь ойи ўрталарида радикал ҳаракат вакили Забиуллоҳ Мужоҳиднинг айтишича, март ойидан бошлаб Афғонистоннинг барча вилоятларида қизлар учун мактаблар очилиши режалаштирилган.

Февраль ойининг бошидан иссиқ вилоятларнинг бир нечтаси август ойидан бери ёпилган давлат университетларини қайта очилди. Уларга қизларга ҳам, ўғил болаларга ҳам ташриф буюришга рухсат берилди. Тўғри, улар алоҳида синфларда ўқишлари лозим – собиқ ҳукумат даврида дарслар аралаш бўлган. «Толибон» расмийларининг айтишича, февраль ойи охиригача давлат университетлари бошқа ҳудудларда ҳам иш бошлайди.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, ЮНИCEФ (БМТ Болалар жамғармаси) Афғонистондаги таълим тизимини қўллаб-қувватлаш учун кўплаб афғон ўқитувчиларига маош тўламоқда, чунки мамлакат иқтисодий инқироз ҳолатида. Охирги маълумотларга кўра, ташкилот 40 минг ўқитувчига икки ойлик иш ҳақини тўлаган, яна 200 минг афғон муаллимининг яқин орада ЮНИСEФдан маош олиши кутилмоқда. Ташкилот томонидан тўланадиган ойлик маош ҳар бир ўқитувчи учун 100 долларни ташкил этади, бу эса мамлакатдаги ҳозирги ҳолат бўйича яхшигина маблағ ҳисобланади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ