19 февралдан бошлаб Москвадаги «Сахарова» Кўп тармоқли миграция марказида (КММ) Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар фуқаролари учун алоҳида кириш йўли ташкил этилди. Бу ЕОИИ мамлакатлари, жумладан Қирғизистон фуқароларига катта навбатларни четлаб ўтиб, тиббий кўрикдан ўтиш, шунингдек бошқа хизматлар (бармоқ излари топшириш, суратга олиш, рўйхатга олиш ва бошқалар)ни олишни тезлаштиради, деб хабар беради Қирғизистон ТИВ.
«Қирғизистон томони Россия томонига қирғизистонликлар учун алоҳида йўлак ажратиш масаласини тезкорлик билан ҳал қилгани учун ўз миннатдорчилигини билдиради», — дейилади вазирлик баёнотида.
Бундан олдин, 17 февраль куни Қирғизистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси мигрантларнинг мажбурий тиббий кўрикдан ўтишига доир жорий этилган янги қоидалар муносабати билан Россия Ташқи ишлар вазирлигига нота юборган эди. Жорий йилга қадар ЕОИИ давлатлари фуқаролари тиббий кўрикдан ўтишдан озод қилинган эди. Қирғизистон дипломатлари «ЕОИИга аъзо давлатлар фуқаролари учун тиббий кўрикдан ўтиш, суратга олиш ва бармоқ изларини топшириш учун алоҳида йўлак очишга ёрдам беришни» сўраганди.
Январь ойида янги қоидалар кучга кирганидан сўнг, Москва ва Москва вилоятига хизмат кўрсатадиган «Сахарова» Миграция марказига кираверишда минглаб одамлардан иборат навбатлар пайдо бўлди.
18 февралда Қирғизистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси консули Алмаз Букалаев «Сахарова КММга ташриф буюрди, у ерда марказ раҳбарияти билан учрашиб, узун навбатлар туфайли Қирғизистон Республикаси фуқароларидан тушаётган кўплаб шикоятлар юзасидан хавотир билдирди.
Қайд этилишича, Миграция маркази соат 08:00 дан 20:00 гача ўртача 4-5 мингга яқин чет эл фуқароларига, шу жумладан 500 нафар Қирғизистон фуқароларига хизмат кўрсатади. Барча керакли хизматларни олиш тахминан 3 соат давом этади, тиғиз пайтлар бу вақт 5-6 соатга чўзилади. Шу муносабат билан Қирғизистон Республикаси элчихонаси Москва ва Москва вилоятига ишлашга келган ватандошларга соат 13:30 дан бошлаб КММга ташриф буюришни тавсия қилади, чунки тушликдан кейин навбатлар сезиларли даражада камаяди.
Жорий этилган янги қоидаларга кўра, 2021 йил 29 декабрдан бошлаб Россияга ишлаш учун келаётган чет эл фуқаролари 30 кун ичида тиббий кўрикдан ўтиши, бармоқ изини топшириши ва суратга тушиш тартиб-қоидаларидан ўтиши шарт. Тиббий кўрик доирасида чет эл фуқаролари гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни истеъмол қилиши, уларда юқумли касалликлар, ОИВ инфекцияси борлиги текширилади.