Афғонистонда қудуққа тушиб кетган бола охири вафот этди

Қутқарувчилар болани қутқариб қолиш учун хандақ қазимоқдалар. Twitter тармоғи фотосурати

Афғонистон жанубидаги Зобул вилоятида уч йил аввал қудуққа қулаб тушган 10 ёшли Ҳайдар исмли бола ҳалок бўлди. Қутқарувчилар уни қутқариб олиб чиқиш учун уч кун давомида хандақ қазишди, деб хабар берди TOLOnews телеканали.

Воқеа Шокак (Shokak) қишлоғида содир бўлган. Ҳайдар 16 февраль куни 25 метр чуқурликка эга қудуққа қулаб, 10 метр чуқурликда тирканиб қолганди.

Воқеа жойига тез тиббий ёрдам ва қутқарув гуруҳлари етиб келади. Қутқарувчилар Ҳайдарнинг қандай ҳолатда эканини билиш учун фонар ва камерани арқонга туширишган. Ўша пайтда у гаплашиши, қўл ва оёқларини ҳаракатга келтириши мумкин эди.

Экскаватор ёрдамида болани қутқариш учун қудуқ томон хандақ қазишни бошладилар. Аввалига иш осон кечди, аммо кейин тошлар қатламига дуч келингани сабаб операция тезлиги сезиларли даражада секинлашди.

Операцияга раҳбарлик қилиш учун Шокакка Афғонистонда ҳокимиятда бўлган «Толибон»* радикал ҳаракатининг юқори мартабали вакиллари келишди. Жумладан, толиблар Мудофаа вазири мулла Муҳаммад Ёқуб шу ерда ҳозир бўлганди.

Қутқарув операцияси давом этар экан, болага озиқ-овқат ва сув арқонда туширилган. Учинчи куни қутқарувчилар болани қутқаришга муваффақ бўлишди, аммо у вафот этди.

Февраль ойи бошида худди шундай ҳодиса Марокашда содир бўлганди. 5 ёшли Раян Орама 32 метрли чуқур қуруқ қудуққа тушиб кетади. Қутқарувчилар уни олиш учун беш кун давомида хандақ қазишади. Бироқ, болага етиб келишганда у аллақачон вафот этгани маълум бўлди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ