БМТ Бош котиби КХШТни Афғонистон бўйича ҳамкорлик қилишга чақирди

Антониу Гутерриш. БМТ сайти фотосурати

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) билан Афғонистон бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга чақирди. Тегишли баёнот БМТ матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Бош котиб БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида сўзларкан, терроризм нафақат Афғонистон, балки бутун дунё учун хавф туғдиришда давом этаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, «ҳал қилувчи чораларсиз» иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви, ишсизлик ва гуманитар инқирознинг кучайиши мамлакатда экстремизмнинг кучайишига олиб келади.

«Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва минтақавий ташкилотлар, жумладан КХШТ ўртасидаги яқин ҳамкорлик ушбу таҳдидларни бартараф этиш, уларнинг тарқалишининг олдини олиш, барқарорликни таъминлаш ва пировардида инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлади», — деди Гутерриш.

Эслатиб ўтамиз, КХШТга Қозоғистон, Россия, Беларус, Арманистон, Қирғизистон ва Тожикистон киради. 2010 йилда ушбу ташкилот ва БМТ ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Қўшма декларация имзоланган.

Кобулда ҳокимиятни «Толибон»* радикал ҳаракати қўлга киритгандан сўнг, КХШТ Афғонистон билан бевосита чегарадош Тожикистонда бир неча бор ҳарбий машғулотлар ўтказди ва бу машғулотлар давомида террористик гуруҳлар босқинини тўхтатиш бўйича кўникмалар шакллантирилди. 2022 йили КХШТ Тожикистон ҳудудида «Чегара-2022» жамоавий тезкор қўшинларининг машғулотларини ўтказишни режалаштирмоқда – улар бу ерда террорчиларга қарши курашиш бўйича вазифаларни ишлаб чиқадилар.

Бундан ташқари, толиблар ҳокимият тепасига келганидан сўнг бошланган иқтисодий инқироз туфайли оғир вазиятга тушиб қолган афғонларга КХШТ давлатлари гуманитар ёрдам кўрсатмоқда.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ