АҚШ ҳукумати «Толибон»* радикал ҳаракатига қарши қуролли кураш олиб бораётган Афғонистон Миллий Қаршилик Фронтини (МҚФ) қўллаб-қувватламайди. Бу ҳақда АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Уэст Америка Тинчлик институтида бўлиб ўтган семинарда маълум қилди. Бундан ташқари, у бошқа давлатларни ҳам МҚФни қўллаб-қувватламасликка чақирди.
«Биз «Толибон»га [МҚФ шаклида] қарши уюшган қуролли мухолифатни қўллаб-қувватламаймиз ва бошқа мамлакатларни ҳам шундай йўл тутишга чорлаган бўлардик», — деди Уэст ўз нутқида.
Шу билан бирга, у толиблар 1996 йили Кобулда ҳокимиятни қўлга киритиб, мамлакатдаги турли миллатлар ва сиёсий кучлар вакилларидан иборат ҳукумат тузмагани ва бу фуқаролар урушига олиб келгани каби яна мана шундай хатога йўл қўйиши мумкинлигидан хавотир билдирди. Бу урушда, асосан пуштунлардан иборат «Толибон»га қарши Афғонистоннинг бошқа этник гуруҳлари – тожиклар, ўзбеклар ва ҳазоралар қуролли қаршилик кўрсатганди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган толиблар ҳукуматни фақат ўз ҳаракати аъзолари ва асосан пуштунлардан тузган эди. Кейинчалик улар ҳукумат таркибини кенгайтирдилар, лекин яна — толиблар ва пуштунлар ҳисобидан.
Aamaj News ахборот агентлиги хабарига кўра, «Толибон» тузган ҳукумат аъзоларининг 82,7 фоизини пуштунлар ташкил этади, уларнинг 96,5 фоизини эса толиблардан иборат. Афғонистон вилоятлари губернаторларининг 79,4 фоизи пуштунлар, барча туман раҳбарлари «Толибон» ҳаракати аъзолари ҳисобланади.
Толибларнинг Афғонистондаги барча халқлар, сиёсий кучлар вакиллари ҳамда аёллардан иборат ҳукумат тузишдан бош тортгани улар тузган ҳукуматнинг дунёдаги бирорта давлат томонидан тан олинмаётганига сабаб бўлмоқда.
«Миллий қаршилик фронти» ўтган йил ёз охирида Панжшер вилоятида толибларга қарши курашиш учун тузилган эди. Фронт бир қатор шимолий ҳудудларда қуролли кураш олиб бормоқда. Унинг раҳбари 1990 йилларнинг иккинчи ярмида толибларга қарши курашган тожик дала қўмондони Аҳмад Шоҳ Маъсуднинг ўғли Аҳмад Маъсуддир.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).