Туркия ва Қатар Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати вакиллари билан Афғонистондаги тўртта аэропорт, жумладан Кобул аэропортини бошқариш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли маълум қилди, деб хабар беради ТАСС ахборот агентлиги.
«[Афғонистонга ташрифим эҳтимоли] Толибон ва қўшма компания [Туркия ва Қатар] ўртасидаги якуний келишувга боғлиқ. Балки бу келишувни [Туркия ва Қатар ташқи ишлар вазирлари] иштирокида имзолаш мумкиндир. Бундай таклиф Қатардан келди ва мен бунга рози бўлдим», — дея Туркия вазирининг сўзларидан иқтибос келтиради ахборот агентлиги.
Чавушўғлининг қўшимча қилишича, охирги музокаралар Истанбулда бўлиб ўтган, тўртта аэропорт билан боғлиқ принципиал келишувлар мавжуд.
«Дастлаб, [қўшма назорат] Кобул аэропортида, олти ойдан сўнг Мозори Шариф аэропортида, олти ойдан кейин Қандаҳор аэропортида, олти ойдан кейин Ҳирот аэропортида амалга оширилади», — деди Туркия ташқи ишлар вазири.
Бундан олдин «Фарғона» Анқара ва Доҳа Толибон билан Кобул халқаро аэропортини бошқариш бўйича келишиб олгани, бироқ у билан боғлиқ қатор масалалар бўйича музокаралар давом этаётганини ёзганди. Хусусан, молиявий ва ҳуқуқий масалалар мувофиқлаштирилмаган ҳолда қолган.
Қобул халқаро аэропорти инфратузилмаси 2021 йил август ойида пойтахт толиблар томонидан эгаллаб олинганидан кейин чет эл фуқаролари ва улар билан ҳамкорликда бўлган афғонларни эвакуация қилиш чоғидаги тартибсизлик, шунингдек 26 август куни аэропорт яқинида содир этилган теракт оқибатида қисман шикастланган. Халқаро эвакуация операциялари якунланган сўнг ўтган йил сентябрь ойидан бери Қатардан келган техник ходимлар аэропортни ишга туширишга ёрдам бериб келмоқдалар.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).