Толиблар икки аёлни раҳбарлик лавозимига лойиқ топдилар

Малалай Файзи. Ariananews.af сайти фотосурати

«Толибон»* радикал ҳаракати ўз фаолиятида илк бор Афғонистонда аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайинланганини эълон қилди. Доктор Малалай Файзи Кобулдаги туғруқхона директори этиб тайинланди, деб хабар беради Аriananews.af муваққат ҳукумат Соғлиқни сақлаш вазирлигига таянган ҳолда. Файзи тиббиёт фанлари университетини тамомлаб, 15 йил турли шифохона ва туғруқхоналарда ишлаган.

Толиблар ҳукумати, шунингдек доктор Арянни пойтахтнинг Шаҳрор кварталидаги гинекология клиникасига директор этиб тайинлади, дейди толибларнинг Ахборот ва маданият вазири ўринбосари Забиуллоҳ Мужоҳид ўзининг Twitterдаги саҳифасида.

Гарчи, Афғонистондаги аёллар поликлиникалари ва туғруқхоналар анъанавий равишда аёллар томонидан бошқарилса-да, Файзи ва унинг ҳамкасблари тайинланиши толибларнинг аёлларга раҳбарлик лавозимларини бериш тўғрисида биринчи қарори бўлди. Бу тайинловлар олдидан хорижий сиёсатчилар ва халқаро ташкилотлар толибларга аёлларни ҳокимият тузилмаларига ва умуман мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига жалб этиш бўйича талаблар қўйганди.

Толиблар Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг дастлабки ваъдаларига зид равишда, қизлар учун ўрта мактабларни, кўплаб университетларни ёпдилар, соғлиқни сақлаш соҳасидан ташқари баъзи ташкилотларда аёлларнинг ишлашини тақиқладилар. «Толибон» Аёллар ишлари вазирлигини тугатди ва уларнинг ҳуқуқларини, жумладан эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини чекловчи турли тақиқларни жорий қила бошлади. Аёлларга ҳижоб кийиш буюрилган, телеканалларда улар иштирокидаги фильмлар намойиши тақиқланган.

Афғонистонда оналар ва болалар ўлими муаммоси долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. БМТ маълумотларига кўра, сўнгги 20 йил ичида Афғонистонда туғруқ вақтидаги оналар ўлими 2000 йилдаги ҳар 100.000 туғилишга 1450 та ўлим ҳолатидан 2019 йили 638 та ўлимга камайган. Шунга қарамай, бу кўрсаткич дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Толиблар ҳукуматни қўлга киритганларидан сўнг мамлакатда аҳолининг қашшоқлик даражаси ошди, тўйиб овқатланмаслик кенг тарқалди, аёллар ва болаларнинг тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари ёмон аҳволга келди ва бундай вазият янада кескинлашиши мумкин.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ