Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгаши Кобулда аёллар ҳуқуқлари ҳимоясига доир акцияда иштрок этган олти кишининг хавфсизлигидан «жиддий хавотирда» эканини билдирди. Баёнот 1 февраль куни БМТ матбуот хизмати томонидан эълон қилинган.
БМТ Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон»* радикал ҳаракати бу шахсларнинг ғойиб бўлганлиги юзасидан тергов бошланганини эълон қилганига қарамай, уларнинг қаерда эканига доир маълумот ҳалигача йўқлигини таъкидлади.
Афғонистонлик аёллар ҳуқуқлари фаоллари Тамана Заряби Парияни ва Паравана Иброҳимхел ўз қариндошлари билан бирга 19 январь куни аёллар ҳуқуқлари намойишида қатнашганидан сўнг уч кун ўтиб, уйларидан ўғирлаб кетилган.
«Биз [Афғонистон] даги мавжуд ҳукуматдан мазкур фаол аёллар ва уларнинг яқинлари ўғирланиши ва ғойиб бўлиши билан боғлиқ тергов натижаларини оммага ошкор қилишни, зудлик билан уларнинг хавфсизлиги ва озод этилишини таъминлашини, айбдорларни жавобгарликка тортишини сўраймиз», — дейилади БМТ баёнотида.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).