БМТ: Толиблар август ойидан бери собиқ Афғонистон ҳукумати ва хавфсизлик кучларининг 100 дан ортиқ аъзоларини қатл қилган

АНТОНИУ ГУТЕРРИШ. UNSCO.UNMISSIONS.ORG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2021 йил август ойи ўрталарида «Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимиятни эгаллаб олганидан бери собиқ Афғонистон ҳукуматининг 100 дан ортиқ аъзолари, хавфсизлик кучлари ходимлари ва хорижликлар билан ишлаган афғонлар ўлдирилганига доир «ишончли даъволарни» қўлга киритган. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилди, дея хабар беради Associated Press ахборот агентлиги.

Гутерришнинг сўзларига кўра, қурбонларнинг «учдан икки қисмидан кўпроғи» толиблар томонидан собиқ ҳукумат ва коалицияга алоқадор шахсларга «умумий амнистия» эълон қилинганига қарамасдан судсиз қатл қилинган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистондаги миссиясига, шунингдек, «Афғонистонда фаолият юритаётган «Ислом давлати»* экстремистик гуруҳига қарашли ИШИД-КП* билан алоқадорликда гумон қилинган камида 50 кишининг судсиз ўлдирилгани ҳақидаги ишончли даъволар келиб тушди», дейилади Гутерришнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашига тақдим этган ҳисоботида.

Гутерриш БМТ миссияси собиқ ҳукумат аъзолари ва коалиция ҳамкорларининг «мажбуран йўқ қилиниши ва яшаш ҳуқуқи, жисмоний дахлсизликнинг бошқа бузилиши»га доир ишончли даъволарни ҳам эга эканини қўшимча қилди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва ОАВ ходимларини «қўрқитиш, таъқиб қилиш, ўзбошимча ҳибсга олиш, шафқатсиз муносабатда бўлиш ва ўлдириш» ҳаракатлари давом этмоқда.

Саккиз нафар фуқаролик жамияти фаоллари ўлдирилган, жумладан уларнинг уч нафари толиблар томонидан ва яна учтаси ИШИД экстремистлари томонидан ўлдирилган, яна ўн киши вақтинча ҳибсга олиниб, толиблар томонидан калтакланган. Номаълум қуролли шахслар томонидан икки журналист ўлдирилган, икки нафари яраланган.

Бош котибнинг таъкидлашича, БМТ миссияси вақтинча ҳибсга олиш, калтаклаш ва қўрқитиш билан таҳдид қилиш бўйича 44 та ҳолатни ҳужжатлаштирган ва улардан 42 таси толибларга алоқадор ишлардир.

Толиблар ҳукуматни қўлга киритганидан сўнг илк матбуот анжуманида ағдарилган ҳукумат билан ҳамкорлик қилганларнинг барчасига амнистия ваъда қилганди. Бундан ташқари, Афғонистон пойтахтига ҳужум пайтида ҳам «Толибон» вакиллари ҳукуматга алоқадор бўлган ва уларга қуролли қаршилик кўрсатмайдиган барча шахсларга амнистия эълон қилгандилар.

Human Rights Watch ташкилотининг ноябрь ойи ҳисоботида толиблар ҳукуматни эгаллаб олганидан сўнг 100 дан ортиқ собиқ полиция ва давлат хавфсизлик ходимлари ўлдирилганини маълум қилди. Декабр ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ўринбосари Нада ал-Нашиф «Толибон» камида юз нафар собиқ хавфсизлик мулозимлари ва собиқ ҳукумат билан ҳамкорлик қилган шахсларни ҳеч қандай суд ҳукмисиз ўлдирганини таъкидлади.

* РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ