АҚШнинг Афғонистонга ажратган пулларининг учдан бир қисми беҳудага сарфланган ёки ўғирланган

Жон Сопко. SIGAR сайти фотосурати

Қўшма Штатлар Афғонистонни қайта тиклаш учун сўнгги 20 йил давомида сарфлаган 146 миллиард долларнинг тахминан 30 фоизи «беҳудага кетган ёки ўғирланган». Бундай маълумотлар Афғонистонни қайта қуриш (SIGAR) бош инспектори Жон Сопконинг янги ҳисоботида келтирилган.

27 январь куни Сопко Атлантика Кенгашининг видеоконференциясида ҳисоботни шарҳлар экан, бошқа нарсалар қатори Афғонистонга юборилган «ҳар қандай инсонпарварлик ёрдамининг аниқ мақсадини белгилаш» кераклигини, шунингдек мазкур эҳтиёжлар учун АҚШдан молиявий кўмак олувчи ташкилотлар, жумладан БМТ ва Жаҳон банки «тўлиқ шаффофлик»ни намойиш этишлари лозимлигини таъкидлади. «Биз ва бошқа донорлар пулимиз қаерга кетганини, қандай ишлатилганини билишимиз керак», — деб тушунтирди Сопко.

«Биз (ажратилган пул қаерга сарфланиши устидан) назорат етарли бўлмаган жуда кичик мамлакатда жуда кўп пул сарфладик», — деди Сопко барчани Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш ҳақида гап кетганда буни унутмасликка чақираркан.

Бундан олдин «Фарғона» БМТ Афғонистонга ёрдам кўрсатиш учун 8 миллиард доллар йиғмоқчи экани ҳақида хабар берганди. Бу ҳақда 19 январь куни БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Дебора Лионс Кобулдаги халқаро иқтисодий конференция чоғида айтиб ўтди. Бу маблағлар муҳтож афғонларга гуманитар ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш ва таълим каби ижтимоий муҳим тармоқларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши режалаштирилган. Ўз навбатида, Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати ҳукуматининг Бош вазир ўринбосари Абдул-Салом Ҳанафийнинг айтишича, толиблар халқаро ташкилотлар ва бошқа давлатларнинг муҳтож афғонларга ёрдам тақсимотини кузатиш ниятидалар. Унинг сўзларига кўра, толиблар муҳтож афғонларга ёрдам тақсимотини мувофиқлаштириш учун БМТ вакиллари билан қўшма қўмита тузишни режалаштирмоқда. Айни пайтда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар афғонларга толиблар воситачилигисиз тўғридан-тўғри ёрдам беришга ҳаракат қилмоқдалар.

* «Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ