Ўзини Афғонистон президенти деб эълон қилган Амрулло Солиҳ толиблар билан музокаралар учун Москвага келди

Амрулло Солиҳ . Twitter тармоғи фотосурати

Президент Ашраф Ғани ўтган йил август ойида Кобулдан қочганидан сўнг ўзини Афғонистон президенти деб эълон қилган Амрулло Солиҳ «Толибон»* радикал ҳаракати билан музокаралар олиб бориш учун Москвага келди. Бу ҳақда 24 январь куни 8am.af нашри ўз манбаларига таяниб хабар беради.

8am.af нашрининг аниқлик киритишича, толибларга қарши кураш олиб бораётган Афғонистон Миллий қаршилик фронти (МҚФ) раҳбари Аҳмад Маъсуд ва Афғонистон собиқ Ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббоний шу ҳафта Россия пойтахтига келиши керак.

Таъкидлаш жоиз, 24 январь куни Афғонистон Миллий хавфсизлик бошқармаси (Давлат хавфсизлик хизмати) собиқ раҳбари Раҳматуллоҳ Набил ўзининг Twitterдаги саҳифасида толиблар ҳукуматининг Мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб Россияга келганини маълум қилганди. Бундан ташқари, бош вазир ўринбосари Мулла Абдул Ғани Барадар ҳам Москвага ташриф буюриши керак.

Бундан аввал, «Фарғона» 23 январь куни Норвегия пойтахти Ослода толиблар делегацияси ва афғон фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида музокаралар бошлангани ҳақида хабар қилганди.

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан бери толиблар ўзларига мухолиф бўлган ижтимоий фаоллар, журналистлар ва сиёсий арбобларга қарши репрессиялар уюштирмоқдалар. Ўтган сентябрь бошида тузилган толиблар ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган. Бу ҳукуматни тан олиш учун жаҳон ҳамжамияти толбилардан мамлакатдаги турли сиёсий ва этник гуруҳ вакилларидан иборат янги коалиция ҳукумати тузишни, шунингдек аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилишни, террорчи гуруҳлар билан ҳамкорлик қилмасликни талаб қилмоқда.

Қўшимча қилиш лозим, биринчи вице-президент Амруллоҳ Солиҳ ўтган йил 17 августида «Толибон» ҳаракатининг Афғонистон йирик шаҳарларига ҳужуми чоғида амалдаги давлат раҳбари Ашраф Ғани мамлакат пойтахтини тарк этгани маълум бўлгач, ўзини Афғонистоннинг янги президенти деб эълон қилганди. Солиҳ мамлакат конституция нормасига мувофиқ амалдаги президент қочиб кетган тақдирда биринчи вице-президент янги давлат раҳбари бўлишини таъкидлаганди.

* «Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ