БМТ Афғонистон учун 8 миллиард доллар топиш пайида

Дебора Лайонс Қобулдаги конференцияда, 19 январь. TOLOnewсайти фотосурати

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Афғонистонга ёрдам бериш учун 8 миллиард доллар топиш устида ишламоқда. Бу ҳақда 19 январь куни БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Дебора Лайонс Кобулдаги халқаро иқтисодий конференция чоғида айтиб ўтди, деб хабар беради TOLOnews телеканали.

Унинг таъкидлашича, Афғонистонга нақд пул олиб кириш мамлакатда банк тизими тикланмагунча давом этаверади. Халқаро ташкилотлар ўтган йил октябридан бошлаб Кобулга самолётларда нақд доллар етказиб беришни бошлаган.

«Маблағлар этишмаслиги муаммосини ҳал қилиш учун биз нақд пул олиб киришга рухсат олдик. Биз ўтган декабр ойида 120 миллион доллар, бу ой 32 миллион доллар олиб кирдик», — деди Лайонс.

Кобулдаги Арг собиқ президент саройида бўлиб ўтган халқаро иқтисодий анжуманда Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон»* радикал ҳаракати ва БМТ делегациясидан ташқари 20 та давлат вакиллари, улардан баъзилари видеоконференция орқали иштирок этди.

Лайонсга кўра, ҳозирда тахминан 38 миллион кишидан иборат Афғонистон аҳолисининг ярмидан кўпи қашшоқликда кун кечирмоқда.

Толиблар ҳукуматининг Бош вазир ўринбосари Абдул-Салом Ҳанафийнинг айтишича, «Толибон» Афғонистон аҳолисининг ночор қатламларига халқаро ташкилотлар ва бошқа давлатлар ёрдамларининг тақсимланишини назорат қилиш ниятида.

Бундан олдин Ҳанафий «Толибон» БМТ вакиллари билан муҳтож афғонларга ёрдам тақсимотини мувофиқлаштириш бўйича қўшма қўмита тузишни режалаштираётганини маълум қилганди. Айни пайтда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар афғонларга толиблар воситачилигисиз, тўғридан-тўғри ёрдам беришга ҳаракат қилмоқдалар.

11 январь куни БМТ Афғонистон аҳолиси ва қўшни мамлакатлардаги кўчирилган афғонларга ёрдам кўрсатиш бўйича 2022 йили 5 миллиард доллардан ортиқ халқаро молиялаштиришни назарда тутувчи иккита режани таклиф қилган эди. Режага мувофиқ Афғонистондаги 22 миллион, қўшни мамлакатларга кўчиб ўтишга мажбур бўлган 5,7 миллион афғонларга кўмак берилади.

* «Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ