Толиблар март ойида Афғонистондаги барча қизлар мактабларини қайта очишга ваъда берди

TOLOnews сайти фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати янги ўқув йили бошида, яъни 21 мартдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб қизлар мактабларини очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда радикал ҳаракатнинг расмий вакили Забиулла Мужоҳид маълум қилди, деб хабар беради TOLOnews телеканали.

Унинг қайд этишича, «Толибон» ҳукумати қизларнинг мактабда ўқишига қарши эмас, лекин улар ўғил болалардан алоҳида синфларда ўқиши керак.

Мужоҳиднинг фикрига кўра, ўғил болалар учун ҳам, қизлар учун ҳам ўқув хоналарининг йўқлиги қизларнинг мактабга боришига тўсиқ бўлаётганди. «Биз бу муаммоларни кейинги [ўқув] йилига қадар ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистондаги мактаблар ўтган йил август ойи ўрталарида толиблар ҳокимиятни қўлга киритгач, ўз фаолиятини тўхтатган эди. 19 сентябрь куни мактаблар яна очилди, бироқ фақат ўғил болалар учун, радикаллар фақат эркак ўқитувчиларнинг ишлашига рухсат берди.

Кейинчалик, бир қатор вилоятларда кичик, ўрта ва катта ёшдаги ўқувчи қизлар учун мактаблар иш бошлади. Ҳозиргача Афғонистоннинг 34 вилоятидан 7 тасида қизларнинг мактабга бориш имконияти мавжуд.

Таъкидлаш жоиз, 12 январь куни толиблар ҳукуматининг Олий таълим вазири Абдул-Боқи Ҳаққоний радикал ҳаракат ҳокимиятга келганидан сўнг ёпилган Афғонистон давлат университетлари «яқин кунларда талаба йигит ва қизлар учун қайта очилади», деб ваъда берди. Бироқ, Ҳаққоний бирорта санани кўрсатмади.

* «Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ