Толиблар Twitter ва Facebookдаги сохта аккуантлар орқали ўз имиджини яхшилаш ниятидалар

Aamaj News сайти фотосурати

Ўтган йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати ўз фаолияти ҳақида ижобий маълумотларни тарқатиш учун Twitter ва Facebook ижтимоий тармоқларида минглаб сохта аккаунтлар яратмоқчи. Буни Aamaj News ахборот агентлиги ихтиёрида бўлган толибларнинг ички фойдаланиш учун ҳужжатлари тасдиқлайди.

Ушбу ҳужжатларга кўра, толиблар назоратидаги баъзи афғон ташкилотлари ўз ходимларига қизларнинг исмлари ва фотосуратларидан фойдаланиб Twitter ва Facebookда аккуантлар яратиб, улар орқали радикалларнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи хабарларни жойлаштиришни буюрадилар.

Эслатиб ўтамиз, «Толибон» ҳаракатининг аёллар ҳуқуқларини поймол қилиш сиёсати, айниқса ўқимишли афғон аёллари ва халқаро ташкилотлар норозилигига сабаб бўлмоқда.

Толиблар ҳокимиятга келганидан кейин афғон аёлларини ишлаш, таълим олиш, шунингдек давлат бошқарувида иштирок этиш имкониятларидан маҳрум қилдилар. Январь ойи бошида радикал ҳаракат барча афғон аёллари паранжи кийишлари шартлиги ҳақида кўрсатма берди. Толиблар буни мусулмон урф-одатларига йўядилар. Бироқ, муқаддас Қуръони Каримда аёлларнинг бош кийимлари ҳақида аниқ бир кўрсатма келтирилмаган.

Афғонистоннинг йирик шаҳарларида собиқ ҳукумат даврида ишлаган ёки университетларда ўқиган маҳаллий ўрта синф аёллари ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиб тез-тез норозилик намойишларини ўтказмоқдалар, гарчи баъзида уларни «Толибон» жангарилари зўравонлик билан тарқатиб юборишса ҳам.

Масалан, 16 январь куни Кобулда афғон аёлларининг паранжи ёпиниш мажбурийлигига қарши акцияси жангарилар томонидан кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида тарқатиб юборилган.

«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ