БМТ Бош котиби Афғонистон давлат активларини эркинликка чиқаришга чақирди

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш. БМТ сайти фотосурати

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Афғонистоннинг давлат молиявий активларини эркинликка чиқариш ва ушбу мамлакат учун гуманитар операцияларни молиялаштиришни кўпайтиришга чақирди, деб хабар беради халқаро ташкилот матбуот хизмати.

«Совуқ тушиши ва давлат активларининг ҳисбда бўлиши Афғонистон халқи учун ҳалокатли воқеликдир. Бундай фавқулодда вазиятда биз пулнинг инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун ишлатилишига тўсқинлик қиладиган қоидалар ва шартларни тўхтатишимиз керак. Давлат сектори ходимларининг маошларини тўлаш ва соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа муҳим соҳаларда хизмат кўрсатишда ёрдам бериш учун халқаро молиялаштиришга рухсат берилиши керак», — деди БМТ Бош котиби.

Гутерриш, айниқса маблағлар талаб қиладиган мамлакат Марказий банки ишини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. «Афғонистон Марказий банки фаолияти давом этиши керак. Афғонистон валюта заҳираларини эркин қилиш йўлини топиш керак. Шунингдек, биз мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлашимиз ва унинг дарз кетиши олдини олишимиз керак, акс ҳолда бу қашшоқлик ва очликка олиб келади», — деди у.

Шу билан бирга, БМТ Бош котиби қиш келиши билан Афғонистондаги вазият «даҳшатли тусга кираётгани»ни таъкидлади. «Болалар ака-укаларини боқиш учун сотиляпти. Совуқ касалхоналар тўйиб овқатланмайдиган болалар билан тўлиб кетган. Одамлар исиниш учун мол-мулкини ёқишмоқда ва буларнинг барчаси глобал пандемия даврида содир бўлмоқда», — дея қўшимча қилди у.

«Толибон» * радикал ҳаракати Афғонистонда назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операцияларини 2021-йил баҳорида АҚШ ўз қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиш қарорини эълон қилганидан сўнг бошлаган эди. 15 август куни Толибон Кобулни жангсиз эгаллади, президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этди. 6 сентябрда толиблар бутун Афғонистон устидан назорат ўрнатилганини эълон қилган бўлсалар, 7 сентябрда қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилдилар.

Толиблар БМТ санкциялари остида бўлгани учун Афғонистоннинг хориждаги молиявий активлари музлатиб қўйилди. Жумладан, Қўшма Штатлар ўз банклари ҳисобидаги афғон давлатининг 9,4 миллиард долларлик активларини музлатиб қўйди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ