МҚФ вакили толиблар билан Теҳрондаги музокаралар ҳақида гапириб берди

МҚФ етакчиси Аҳмад Маъсуд. TOLOnews сайти фотосурати

Миллий қаршилик фронти (МҚФ)нинг музокара гуруҳи вакиллари «Толибон»* раликал ҳаракатига Афғонистонда ўтиш даври ҳукуматини тузишни таклиф қилдилар. Бу таклиф Теҳронда Эрон расмийлари томонидан ташкил этилган учрашув чоғида билдирилди, деб хабар беради TOLOnews МҚФ вакилига таянган ҳолда.

Эслатиб ўтамиз, куни-кеча Миллий қаршилик фронти ва толиблар ўртасида икки кунлик музокаралар бўлиб ўтди. Бу толибларнинг ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг қаршилик кучлари билан илк мулоқи эди.

Таъкидланишича, Миллий қаршилик фронти делегацияси таркибида ташкилот етакчиси Аҳмад Маъсуд ва Ҳирот вилоятидаги Толибонга қарши қуролли кучларнинг собиқ қўмондони Муҳаммад Исмоилхон бўлган. Толиблар делегациясига улар тузган ҳукуматнинг Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттаки бошчилик қилган.

МҚФ гуруҳининг исми сир сақланишини истаган вакили музокаралар натижасиз якунланганини айтган.

«Бизнинг таклифимиз уларга кундек равшан эди ва у [коалицион] ўтиш даври ҳукуматини тузиш эди. Бу [коалицион ўтиш даври] ҳукумати кейинги ҳукумат учун ишлаши ва [унинг аъзолари] тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши лозим. Бунга жавобан толиблар таслим бўлишимизни таклиф қилдилар», — деган қаршилик кучлари вакили.

Ўз навбатида, 8ам. af нашри ўз манбаларига таяниб, Эрон «Толибон» ва МҚФ ўртасида тинчлик келишувига эришишга жиддий ёндашгани ёзади. Бироқ, ҳозирча Теҳрон бундай келишув «бошланғич босқичда» деб ҳисоблайди.

Бундан ташқари, Хитой қаршилик кучлари ва «Толибон» ўртасида тинчлик келишувига эришиш учун ҳаракат қилмоқда, деб хабар беради 8am.af.

Таъкидлаш жоиз, толиблар Қобулни эгаллаганидан сўнг Аҳмад Маъсуд Миллий қаршилик фронтини бошқарди. Фронт «Толибон» жангарилари билан қуролли тўқнашувларни бошлади.

Сентябрь ойи бошида толиблар МҚФ бўлинмаларини Панжшер вилоятидан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлишди, бироқ миллий қаршилик кучлари тоғли ҳудудларда жангариларга қарши курашни давом эттирдилар. Панжшер ва қўшни вилоятлардан миллий қаршилик кучларининг толибларга қарши ҳужумлари ҳақида мунтазам хабарлар келиб туради.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва бир қатор давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ