«Толибон»* ҳукуматининг Мудофаа вазири мулла Муҳаммад Ёқуб Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучлари (ҲҲК) учувчилари томонидан ўтган август ойида Ўзбекистон ва Тожикистонга ўғирлаб кетилган ҳарбий вертолётлар қайтарилиши кераклигини айтган. Акс ҳолда, бунинг «бадали тўланиши» билан таҳдид қилган мулла Ёқуб. Толиблар Мудофаа вазири бу ҳақда 11 январь куни баёнот берди, деб хабар беради TOLOnews телеканали.
«Тожикистон ёки Ўзбекистонда бўлган авиатехникамиз қайтарилиши керак. Биз унинг хорижда қолишига ёки бошқа давлатлар томонидан ишлатилишига йўл қўймаймиз», — деган Ёқуб.
Толиблар ҳукумати Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган йил август ойида собиқ ҳукумат Ҳарбий-ҳаво кучларининг учувчилари Ўзбекистон ва Тожикистонга 40 дан ортиқ вертолётни олиб қочган. Бундан ташқари, Афғонистон собиқ президенти Ашраф Ғани ва унинг ҳамроҳлари Кобулдан Ўзбекистонга етиб бориш учун учта вертолётдан фойдаланган.
TOLOnews хабарига кўра, Афғонистон собиқ ҳукумати Ҳарбий-ҳаво кучлари 164 та ҳарбий самолёт ва вертолётга эга бўлган, ҳозирда улардан фақат 81 таси қолган. Толибларга кўра, қолган ҳарбий техникалар «турли мамлакатларга» олиб кетилган.
Ўтган йил кузидан бери «Толибон» қўшни давлатларга олиб кетилган собиқ Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучлари авиатехникаларини қайтаришга уринмоқда.
ОАВ маълумотларига кўра, A-29 Super Tucano самолётлари, UH-60 Black Hawk, MD-530 ва Ми-17 вертолётлари Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида бўлган. Афғонистонни қайта тиклаш бош инспекторининг 30 октябрь кунги ҳисоботида таъкидланишича, собиқ Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучлари ҳарбий самолётларининг тўртдан бир қисми постсовет республикаларига олиб ўтилган.
Декабрь ойида толиблар қўшни давлатларга ўғирлаб кетилган бир нечта самолёт ва вертолётларни қайтариб олишга муваффақ бўлганини айтган эдилар. Улар айнан қайси давлат авиатехникаларни қайтариб берганига аниқлик киритмадилар.
Бундан ташқари, толиблар мамлакатдан қочиб кетган ҳарбий учувчиларини қайтариш учун бир неча бор мурожаат қилишган. 20 йил давомида ҳукумат ва чет эл кучларга қарши партизан ва террорчилик урушини олиб борган «Толибон»нинг авиация соҳасида мутахассислари деярли йўқ.
Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда толиблар фойдаланмоқчи бўлган MD-530 вертолёти жанубий Қандаҳор вилоятида ҳалокатга учрагани ҳақида видео пайдо бўлди.
This was a military helicopter, not a rescuer, because we destroyed the military facilities during the collapse, now the Taliban are using it as a rescuer. Only two remain for them Gen. Yassin Zia, a former chief of staff told me.
— Tajuden Soroush (@TajudenSoroush) January 5, 2022
pic.twitter.com/btpWnGUalg
Таъкидлаш жоиз, 1996-2001 йиллари толиблар ҳукмронлигининг биринчи даврида ўз ҳаво кучларига эга бўлган. 1995 йил август ойида толиблар қирувчи МиГ-21 самолёти ёрдамида Россиянинг «Аэростан» компаниясига қарашли Ил-76 транспорт самолётини Қандаҳорда қўндиришга муваффақ бўлишган. Самолёт «Толибон»га қарши курашаётган кучлар учун қуроллар ташиган. 378 кунлик тутқинликдан сўнг Ил-76 экипажи самолётни қўлга олишга ва Афғонистонни тарк этишга муваффақ бўлган.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва бир қатор давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).