Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон»* радикал ҳаракати делегацияси Афғонистон миллий қаршилик фронти (МҚФ) етакчиси Аҳмад Маъсуд ва Афғонистон ғарбидаги Ҳирот вилояти собиқ губернатори Муҳаммад Исмоилхон билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали делегация раҳбари – толиблар ҳукуматининг Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттаки баёнотига таяниб хабар берди.
«Ҳа, биз Аҳмад Масъуд, Исмоилхон ва (Эронга кўчиб ўтишга мажбур бўлган) бошқа афғонлар билан учрашдик. Биз уларга [Афғонистонга] қайтиб, тинч ҳаёт кечиришлари мумкинлигини айтдик», — деди Муттаки.
Толиблар делегацияси 8 январь куни Кобулдан Теҳронга жўнаб кетган. Дастлаб «Толибон» вакиллари фақат Эрон расмийлари билан учрашиб, бир қатор иқтисодий, ижтимоий ва бошқа масалаларни муҳокама қилишларини билдирган эди.
Толибларнинг Масъуд ва Исмоилхон билан Эрон пойтахтида учрашиши бундай турдаги илк мулоқотдир.
Эслатиб ўтамиз, Исмоилхон 1970 йиллар охирида Ҳирот аэропорти хавфсизлигини таъминлаган армия бўлимида зобит бўлган. Кейин у Кобулдаги ҳокимиятга қарши диний радикалларнинг қўзғолонига бошчилик қилган. 1980 йиллар у Афғонистондаги Совет қўшинларига қаршилик кўрсатган қўмондонлардан бири бўлган. Кейинчалик у «Ҳиротлик шерғ лақабини олган. 1990 йилларда Исмоилхон «Толибон»га қарши тожик кучларини бошқарган. 2001 йили Афғонистонда толиблар режими ағдарилгач, у қисқа муддат Ҳирот вилояти ҳокими лавозимида ишлаган. Ўтган йил ёзда «Толибон» Ҳиротга ҳужум қилганда, Исмоилхон ўз қўшинларини яна йиғади. Август ойи ўрталарида у радикал ҳаракат жангарилари томонидан қўлга олинган, кейинроқ Эронга кўчиб ўтган. Афғонистоннинг ғарбий қисмида Исмоилхон маҳаллий тожиклар учун ҳамон нуфузли шахс ҳисобланади.
Аҳмад Маъсуд 2001 йили вафот этган тожик дала қўмондони Аҳмад Шоҳ Масуднинг ўғли. «Толибон» ўтган август ойида Кобулни эгаллаганидан сўнг, кичик Маъсуд миллий қаршилик фронтини бошқарди. Фронт «Толибон» жангарилари билан қуролли тўқнашувга киришди. Сентябрь ойи бошида толиблар МҚФ бўлинмаларини Панжшер вилоятидан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлишди, бироқ миллий қаршилик кучлари тоғли ҳудудларда жангариларга қарши курашни давом эттирдилар. Панжшер ва қўшни вилоятлардан миллий қаршилик кучларининг толибларга қарши ҳужумлари ҳақида мунтазам хабарлар келиб туради. Масъуднинг ўзи ҳақида эса унинг Афғонистон ҳудудини тарк этгани ва Тожикистонда экани тўғрисила қарама-қарши маълумотлар бор эди.
МҚФ аъзоси Ҳофиз Мансур (Hafiz Mansoor) кичик Маъсуд ва Муттакининг Теҳрондаги учрашуви бўлиб ўтганини тасдиқлади.
Таъкидлаш жоиз, ўтган йил сентябрда тузилган «Толибон» ҳукумати фақат радикал ҳаракат аъзоларидан иборат бўлиб, улар асосан пуштунлардир. Уларни дунёнинг ҳеч бир давлати тан олмади. Айрим давлатлар толиблар ҳукуматини тан олиш учун қатор шартлар қўйди, аёллар ва турли афғон этник гуруҳлари вакилларидан иборат коалициявий сиёсий тизим шакллантириш шулар жумласидандир.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва бир қатор давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).