Покистон афғон қочқинларини рўйхатга олиш ва уларга шахсни тасдиқловчи ҳужжат бериш бўйича бир ойлик кампанияни якунлади. Натижада, мамлакат расмийлари Покистонда 1,4 миллион нафар афғон қочқини борлигини аниқлади, деб хабар беради «Америка Овози».
БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги кўмагида ўтказилган ҳукумат кампанияси ўтган йилнинг апрель ойи ўрталарида бошланган эди ва 31 декабрда якунланди. Рўйхатга олиш дастури афғон қочқинлари тўғрисида маълумотларни янгилади. Бу сўнгги 10 йил ичида Покистонда афғонлар мақомини текширишга қаратилган биринчи кенг кўламли уринишдир.
БМТ қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги матбуот котиби Бабар Балужнинг айтишича, қочқинларга ақлли смарт-гувоҳномалар берилади, бу уларнинг мақомини қонунийлаштирган ҳолда гуманитар ёрдам ва бошқа имтиёзлардан фойдаланишни осонлаштиради.
«Рўйхатга олинганлар орасида қочқин ота-оналари билан бирга яшаётган беш ёшгача бўлган 200 мингта бола бор. Шу кунгача 700 000 дан ортиқ янги смарт-идентификаторлар ҳам чиқарилди. Қолган карталар 2022 йил бошида чоп этилади ва тарқатилади. Ушбу карталар 2023 йил 30 июнгача амал қилади», — дея қўшимча қилди Балуж.
«Янги гувоҳномалар афғон қочқинларини ҳимоя қилишда муҳим восита бўлиб, уларга соғлиқни сақлаш, таълим ва молиявий хизматлардан тезроқ ва хавфсиз фойдаланиш имконини беради. Дастур, шунингдек афғон қочқинларига махсус ҳимоя эҳтиёжларини кўрсатиш имкониятини ҳам беради», — дея тушунтиради Балуж.
БМТ қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг хабарига кўра, «Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимият тепасига келганидан сўнг 300 000 дан ортиқ афғон Покистонга қочиб ўтган. Уларнинг мавқеи қалтис, зеро қочқинларнинг аксарияти Покистонга ноқонуний йўл билан кириб келган ва ўз хоҳишига қарши ватанига қайтарилиши мумкин.
БМТ бундан аввал Афғонистондаги вазият дунёдаги энг оғир гуманитар инқирозлардан бирига айланиши мумкинлигини таъкидлаганди. Халқаро ташкилот 22,8 миллион киши, яъни мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи тезкор гуманитар ёрдамга муҳтож эканини маълум қилганди. Тахминан 9 миллион афғон мамлакат ички қочқинлари бўлиб, уларнинг тез орада ўз уйларига қайтиши даргумон.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).