БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси Афғонистонда давом этаётган гуманитар инқирозни бартараф этиш учун январь ойига қадар 1,5 миллиард доллар йиғди. Бу ҳақда БМТ бош котибининг матбуот котиби Стефан Дюжаррик маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ушбу маблағлар афғонларни қишга тайёргарлик кўришига ёрдам бериш, жумладан нақд пул ва ноозиқ-овқат маҳсулотларини тўғридан-тўғри тарқатиш учун қисман сарфланган. «Ушбу ёрдам мамлакатнинг турли ҳудудларида яшовчи аҳолига тақдим этилди», — дейди Дюжаррик.
Шунингдек, у сўнгги кунларда Афғонистондаги гуманитар вазият кўплаб вилоятларда қор ёғиши туфайли янада ёмонлашганини таъкидлади. Қалин қор асосий магистрал йўлларни ёпиб қўйган ва бундай ҳолат ёрдамга муҳтож афғонларга кўмак беришни қийинлаштирган.
Коммунал хизматлар техника ва ёқилғи етишмаслиги сабаб йўлларни тозалашга улгурмаяпти.
Шуни таъкидлаш лозим, Афғонистонда ўтган йил август ойида «Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимиятни қўлга киритгач, мамлакатда оғир гуманитар вазият юзага келди. Сабаби, фақат толиблардан иборат ҳукуматни кўплаб давлатлар молиялаштиришни тўхтатган. Турли ташкилотлар орқали келадиган гуманитар ёрдамлар бундан истисно.
Одатда, хориж давлатлар ёрдами шошилинч барзда буғдой ва адёллар етказиб бериш билан чекланади. Афғонистон ҳукуматининг хорижда сақланаётган миллиардлаб доллар маблағлари кўплаб мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган толиблар фойдаланмаслиги учун музлатиб қўйилган.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).