Толиблар вакили афғон-туркман чегарасида отишма бўлганига доир хабарларни рад этди

Абдул Қаҳор Балхий. DW видеоси кадри

«Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган ҳукуматнинг Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Абдул Қаҳор Балхий Афғонистон-Туркманистон чегарасида отишма бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда ёзув Балхийнинг Twitterдаги саҳифасида эълон қилинган.

«Афғонистон-Туркманистон чегарасида отишма бўлгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Биз билан қўшни Туркманистон ўртасида ҳеч қандай муаммо йўқ ва биз дипломатия усулларидан фойдаланган ҳолда дунёнинг барча мамлакатлари билан конструктив ва ижобий муносабатларга интиламиз», — деб ёзади Балхий.

Туркманистоннинг Кобулдаги элчихонаси ҳам Афғонистон билан чегарадаги воқеа ҳақидаги маълумотни рад этиб, «туркман-афғон чегараси дўстлик чегараси» эканини таъкидлади.

3 январь куни Афғонистон оммавий ахборот воситалари радикаллар томонидан тайинланган Жаузжон вилояти ахборот ва маданият бўлими бошлиғи Хилол Балхийга таяниб, икки давлат чегарасида туркман чегарачилари ва толиблар ўртасида отишма бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Таъкидлаш жоиз, Афғонистонда толиблар ҳокимият тепасига келганидан сўнг Эрон ва Покистон билан чегарада радикал ҳаракат жангарилари ва мунтазам армия бўлинмалари ўртасида тўқнашувлар содир бўлганди. Шунингдек, иккала ҳолатда ҳам қарама-қарши томон оғир қуролларни қўллаш даражасига этганди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ