Толиблар «ички даромадга» асосланган давлат бюджетини тайёрладилар

Қобулдаги Молия вазирлиги биноси. Ariana News сайти фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган Молия вазирлиги мамлакатнинг келаси 5 йиллик бюджети лойиҳасини тайёрлади. Бу ҳақда Ariana News телеканали мазкур ташкилот вакили Аҳмад Вали Ҳакмалга таяниб хабар беради.

Ҳакмалнинг таъкидлашича, «бу сўнгги 20 йил ичида ташқи ёрдамга боғлиқ бўлмаган биринчи бюджет» ва у мамлакатнинг «ички даромадлари асосида» ишлаб чиқилган.

Молия вазирлиги вакили лойиҳа келгуси ҳафта тасдиқланиши учун толиблар ҳукуматига тақдим этилишини қўшимча қилди.

Лойиҳага мувофиқ, давлат механизми фаолияти учун режалаштирилган харажатларни молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар йўқ, бироқ мавжуд маблағларнинг камайиши (ташқи ёрдамнинг олдинги ҳажмлари йўқлигини ҳисобга олганда) туфайли лойиҳалар қолдиқ принципи асосида молиялаштирилади: чекланган миқдордаги муҳим лойиҳалар бюджетга киритилган, ички даромадлар ўсиши билан уларга янгилари қўшилади.

Аввалги йилларда Афғонистоннинг йиллик бюджети 4,5 миллиард афғони (ҳозирги курс бўйича қарийб $43,4 млн) баҳоланган бўлиб, унинг 40 фоизи ривожланиш лойиҳаларига ажратилган. Шунингдек, Афғонистон иқтисодиётининг деярли ярми хорижий молия кўмагига асосланган эди.

Ҳозирда Афғонистонда оғир гуманитар вазият ҳукм сурмоқда. Мамлакатдаги инқироз кўплаб мамлакатларда террорчи гуруҳ сифатида тан олинган «Толибон»нинг августда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг бошланган эди, зеро шу сабаб хориждан молиялаштириш амалиёти тўхтаб қолганди. Натижада аҳоли орасида ишсизлик кескин ошиб кетди, озиқ-овқат нархлари осмонга чиқди, қашшоқлик ва толиблар қатағонлари туфайли минглаб афғонлар Афғонистонни тарк эта бошладилар.

Ўз навбатида, толиблар миллионлаб афғонлар очлик ёқасида турганини инкор этадилар, мамлакатда мавжуд гуманитар инқироз қурғоқчилик ва жангу-жадаллар асорати дея изоҳлайдилар.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ