Толиблар хориж компанияларига хавфсизлик хизматлари учун шартномалар тузиш таклифини бердилар

«Толибон» жангари собиқ афғон армияси кийимида. «Хаама Пресс» сайти фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон» * ҳаракати томонидан тузилган ҳукумат таркибидаги Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) хорижий ва маҳаллий компанияларга ҳимоя борасида ўз хизматларини таклиф қилди. Бу ҳақда 28 декабр куни «Хаама Пресс» ахборот агентлиги хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, толиблар Ички ишлар вазирлиги ағдарилган афғон ҳукумати даврида фаолият юритган Миллий жамоат хавфсизлиги кучлари (МЖХК) фаолиятини қайта тиклаганлар. Ташкилотнинг асосий вазифаси жисмоний шахслар, инфратузилма ва қурилаётган объектларни ҳимоя қилишдан иборат бўлади.

МЖХК фаолияти қайта тикланиши муносабати билан «Толибон» маҳаллий ва хориж компанияларига хавфсизлик хизматлари учун шартномалар тузиш таклифи билан мурожаат қилган.

Бундан аввал «Фарғона» Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Афғонистондаги ходимларини ҳимоя қилиш учун толибларга қарийб 6 миллион доллар тўлашни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. Бу маблағ келаси йили БМТ объектларини қўриқлаётган «Толибон» жангарилари учун ойлик маош ва озиқ-овқат пули сифатида тўланади.

Таъкидлаш жоиз, айни пайтда Афғонистонда аҳолини озиқ-овқат ва тиббий ёрдам билан таъминлаш, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш, таълим, сув таъминоти ва санитария тизимини йўлга қўйишга кўмаклашувчи 160 га яқин маҳаллий ва халқаро гуманитар ташкилотлар фаолият юритмоқда.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ