Толиблар автомобилда мусиқа тинглашни ва аёлларни элтиб қўйишни тақиқладилар

Толибларнинг ҳайдовчиларга нисбатан чеклов фармони. Twitter тармоғи фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати автомобилларда мусиқа тинглашни тақиқловчи ва аёлларни элтиб қўйишни чекловчи фармон чиқарди. Ҳужжатнинг асл нусхасини афғон журналисти Билол Сарварий ўзининг Twitterдаги саҳифасида эълон қилди.

«Транспортни бошқариш пайтида мусиқа тингламанг ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилманг. Ҳижобсиз аёлларни автомашинага ўтқазманг, аёлларни эркак қариндоши ҳамроҳлигисиз 45 мил (72,4 км – «Фарғона» изоҳи) дан ортиқ масофага элтиб қўйманг», — дейилади қарорда.

Бундан ташқари, ҳайдовчилар намоз ўқиш учун автомобилларини махсус ажратилган жойларга қўйишлари, соқол ўстиришлари шарт ва бунга эркакларни даъват этишлари лозим.

Қайд этилишича, тегишли қоидалар толиблар томонидан ташкил этилган Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги томонидан чиқарилган. Худди шундай маҳкама Афғонистонда «Толибон» ҳукмронлигининг биринчи даврида — 1996 йилдан 2001 йилгача мавжуд бўлган ва у «ахлоқ полицияси» функциясини бажарган.

Аввалроқ, мазкур вазирлик шифокорларга эркаклар ҳамроҳлигида келмаган аёлларга ёрдам бермасликни тавсия қилганди.

Таъкидлаш жоиз, «Толибон» Афғонистонни эгаллаб олгандан сўнг маҳаллий аёллар ҳуқуқларини мунтазам равишда чеклаб келмоқда. Қатор давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг толибларни аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ундаши ҳозирча ўз самарасини бермади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ