Толиблар ҳаракат фаолиятига доғ тушираётган шахсларни аниқлаганлар

Иномуллоҳ Самангоний. Twitter тармоғи фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган тозалаш комиссияси 1895 та одамнинг ҳаракат фаолиятига доғ тушираётганини аниқлаган. Бу ҳақда «Толибон» расмий вакили Иномуллоҳ Самангоний ўзининг Twitterдаги саҳифасида маълум қилди.

Ҳаракат сафини тозалаш бўйича комиссия бундан бир ой олдин тузилган. Оддий ҳалқнинг «Толибон» жангарилари қатағонлари ва ўзбошимчаликлари устидан қилган кўплаб шикоят ва хабарларига жавобан радикал ҳаракат шундай йўл тутди. Комиссия «Толибон» асосчиси марҳум мулла Умарнинг ўғли мулла Муҳаммад Ёқуб бошчилигидаги Мудофаа вазирлигига бўйсунади. Унинг асосий вазифаси ўз ҳатти-ҳаракати билан толиблар фаолиятига доғ тушираётган шахсларни аниқлашдан иборат.

Самангоний таъкидлаганидек, бир ой давомида аниқланган «заракунандалар»нинг бир қисми ҳибсга олинган, ишлари судга оширилган.

Таъкидлаш жоиз, Афғонистонда радикал ҳаракат у ёки бу шаклда ҳокимиятга қайтиши маълум бўлган сўнгги икки йил ичида «Толибон» ҳаракатининг сафи кескин кўпайди.

Жорий йил августида «Толибон» ҳукуматни қўлга киритганда, унинг сафида 100 мингта одам бўлган.

Август ойида Афғонистонда ҳокимият жангарилар томонидан қўлга киритилганидан сўнг, юқори мартабали «Толибон» етакчилари ағдарилган ҳукуматнинг собиқ амалдорлари ва хавфсизлик ходимларига нисбатан қатағон уюштирилмаслигини эълон қилгандилар. Бироқ, ижтимоий тармоқларда собиқ ҳукуматга ишлаган ёки хориж қўшинлари билан ҳамкорлик қилган афғонларнинг ҳибсга олингани ва ўлдирилгани ҳақида мунтазам хабарлар пайдо бўлмоқда. Шунингдек, журналистлар ва фаол фуқаролар ҳам репрессияга учрамоқдалар.

Одатда «Толибон» расмийлари ҳаракат аъзоларининг бундай ишларга алоқадорлигини рад этадилар ёки тергов қилишга ваъда бериб, ҳеч нарса қилмайдилар.

Бундан ташқари, жойларда толиблар ўз қариндошларига уй-жой бериш учун пуштун миллатига мансуб бўлмаган одамларнинг мол-мулкини тортиб олмоқдалар, уйларидан маҳрум қилмоқдалар.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ