«Толибон»* ҳукуматининг Ғазна вилоятидаги мулозимлари шифокорларга эркак ҳамроҳлигида келмаган аёлларни даволашни тақиқлади. Бу ҳақда «Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган «Озодлик радиоси»нинг тожик хизмати) Etilaatroz нашрига таяниб хабар беради.
Илгари аёллар касалхоналарга қариндошлари ҳамроҳлигида келишлари мумкин эди. Бироқ, толиблар комиссияси аёлнинг эркаклар хабарисиз касалхонага боришини «ноқонуний ва ахлоқсизлик» деб ҳисоблаган. Шифокорлардан бундай беморларга ёрдам бермаслик, касалхонага ётқизмаслик талаб қилинган.
Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги нашрнинг таъкидлашича, ушбу тақиқ Афғонистоннинг бошқа вилоятларига ҳам «Исломга даъват қилиш ва йўналтириш вазирлиги» (бошқа таржимада – Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлиги) орқали амал қилади).
Декабр ойи ўрталарида ушбу бўлим аёлларга юз ва тананинг бошқа қисмларини очишни тақиқлаш тўғрисида қарор чиқарди. Афғон аёлларига энди фақат тўқ рангдаги бурқа (тўлиқ ёпилган халат) ёки паранжи кийишга рухсат берилган.
Эслатиб ўтамиз, август ойида ҳокимиятга келганидан сўнг толиблар аёллар юзи ва қоматини бутунлай яширадиган бурқа эмас, балки юзларини очиқ қолдирадиган ҳижоб кийишлари мумкинлигини эълон қилганди. Кейин аёлларга ўқиш ва ишлашга рухсат берилган, бошқа ҳуқуқлари бузилмаслиги айтилганди.
Бироқ, «Толибон» ҳукумати ҳаракатлари унинг баёнотларига тобора зид бўлмоқда. Толиблар ҳукмронлигининг 4 ойи давомида аёлларнинг деярли барча ҳуқуқ ва эркинликлари чекланди: уларга оммавий ахборот воситаларида, давлат тузилмаларида ишлаш, ўз бизнесига эга бўлиш, спорт билан шуғулланиш, фильмларда роль ўйнаш, университетларда ўқиш тақиқланди. Афғонистоннинг аксарият вилоятларида ўрта ва катта ёшдаги қизлар учун мактаблар ёпилди.
«Толибон» Аёллар ишлари вазирлигини тугатди, оилавий зўравонлик қурбони бўлган аёллар учун бошпаналарни ёпди, аёллар иштирокидаги фильмлар намойишини тақиқлади.
*РФ ва кўпгина мамлакатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).