22 декабр куни АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси АҚШ ҳукумати мулозимлари ва халқаро агентликларга, жумладан, БМТга «Толибон» * радикал ҳаракати ва «Ҳаққони тармоғи» * билан «расмий ишлар» олиб боришга рухсат берувчи учта лицензия берди.
«Ал Жазира» телеканали хабар беришича, Америка департаментининг қарори Афғонистонга инсонпарварлик ёрдам бериш фаолиятининг АҚШ эҳтимолий санкцияларидан ҳимоя қилишга қаратилган, чунки иккала террорчи гуруҳ Вашингтон томонидан қора рўйхатга киритилган.
Мазкур лицензиялардан иккитаси АҚШ ва бир қатор халқаро ташкилотлар расмийларига «Толибон» ва «Ҳаққони тармоғи» вакиллари билан операцияларни амалга ошириш имконини беради, бордию бу битимлар Вашингтон ёки тегишли халқаро ташкилотнинг расмий фаолияти доирасида амалга ошириладиган бўлса. Учинчи лицензия Афғонистондаги гуманитар лойиҳаларда иштирок этаётган нодавлат ташкилотларни санкциялардан озод қилишни назарда тутади.
«Ушбу лицензиялар солиқлар, йиғимлар, божхона тўловларини тўлаш ёки маълум [гуманитар] фаолият билан боғлиқ коммунал хизматлар учун тўловларни ҳисобга олмаганда, толиблар ёки Ҳаққони тармоғи учун пул ўтказмаларига рухсат бермайди», — деб таъкидлайди АҚШ молия вазирлиги.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Молия вазирлиги қарорини шарҳлар экан, Вашингтон «Афғонистон халқига гуманитар ёрдам ва бошқа зарур ёрдамлар оқимини таъминлаш учун халқаро ҳамжамият билан тинимсиз ишламоқда», деди.
«Биз ҳамкорларимизнинг ёрдамни кенгайтириш ва зарурий ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашда давом этамиз. <...> АҚШнинг толибларга қарши санкциялари амалда қолса-да, АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активлар бошқармасига нодавлат ва халқаро ташкилотлар, шунингдек АҚШ ҳукуматининг муҳтож афғонларга ёрдам кўрсатишда давом этишини таъминлаш учун кенг ваколатлар берилди. <...> Бундан ташқари, Қўшма Штатлар [халқаро] COVAX дастури доирасида афғон аҳолисига қўшимча равишда миллион доза COVID-19 вакциналари билан таъминлайди, натижада [афғонларга берилган] вакциналар дозаси 4,3 миллионни ташкил этади», деди Блинкен.
Шуни қўшимча қилиш лозим, БМТ Хавфсизлик Кенгаши 22 декабр куни «гуманитар истисно» тариқасида «Толибон» ҳаракатини санкциялар режимидан четлатиш бўйича резолюция қабул қилди. Хавфсизлик кенгаши аъзолари Афғонистонга молиявий кўмак бериш — толиблар активларини музлатиш бўйича талабнинг бузмаслигини англатиб ўтдилар.
*РФ ва кўпгина мамлакатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).