Бармоқ изларини топширишдан бўйин товлаган мигрантларнинг Россияда яшаш муддати қисқартирилади

Mfc-gosuslugi.com сайти фотосурати

Чет эл фуқаролари бармоқ изларини топшириш (дактилоскопия), суратга тушиш ва тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган тақдирда, уларнинг Россия Федерациясида вақтинча яшаш муддати қисқартирилади, деб хабар беради ТАСС РФ Ички ишлар вазирлиги буйруғига таянган ҳолда.

Шунингдек, атроф-муҳит учун хавфли бўлган юқумли касалликлар, жумладан ОИВ инфекцияси аниқланганда ёки гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш факти аниқланганда мигрантларнинг яшаш муддати қисқартирилади. Бундан ташқари, Россия Федерациясига кириш тақиқи, чет эл фуқаросининг ишлашга рухсатномаси ёки патентининг бекор қилиниши, таълим олишнинг тўхтатилиши бундай қарор учун асос бўлиши мумкин.

Вақтинча яшаш муддатини қисқартириш тўғрисидаги қарор кўрсатилган фактларнинг камида биттаси аниқланган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирилмай қабул қилиниши лозим. Бу ҳақдаги маълумотлар бир кун ичида чет эл фуқаросига етказилади, шундан сўнг у миграция бўлимига келиши керак.

«Шу билан бирга бир пайтнинг ўзида, чет эл фуқароси вақтинча яшаш муддатини қисқартириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Россия Федерациясини тарк этиш мажбурияти ва бу мажбуриятни бажармаслик оқибатлари тўғрисида хабардор қилинади», — дейилади буйруқда.

Ҳужжат жорий йилнинг 29 декабридан кучга киради. Шу кундан бошлаб Россияда меҳнат мигрантлари ва узоқ муддатга келган чет эл фуқаролари учун бармоқ изларини топшириш, суратга тушиш ва шифокор рецептисиз гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни истеъмол қилиш ҳолатларини текшириш мажбурий бўлади. Мигрантларга бармоқ изи топширганлик тўғрисида чипли карталар берилади. Ички ишлар вазирлиги Россия Федерациясининг виза марказларида мигрантлар дактилоскопиядан ўтишлари мумкин бўлган 59 та ҳудудини аниқлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ