АҚШдан виза сўраган 62 мингта америкалик ҳарбийлар билан ҳамкорлик қилган афғон таржимонлари ва бошқа шахслар ҳамон Афғонистонда қолиб кетмоқда. АҚШ Давлат департаменти мана шундай рақамларни келтирди, деб хабар беради The Wall Street Journal.
Тахминан 33 минг афғон, жумладан ариза берганларнинг аксарияти ва уларнинг оила аъзолари текширушнинг барча зарурий талабларини бажариб бўлган ва зудлик билан эвакуация қилиниши мумкин, деб ёзади газета. Қолган 29 минг афғон фуқароси АҚШ миграция идоралари ва хавфсизлик хизматлари қарорини кутмоқда, зеро улар ариза берганларнинг террорчи ташкилотлар билан алоқадорлигини текширмоқда. Бу АҚШ Давлат департаментининг «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан афғон ҳукумати ағдарилганидан сўнг мамлакатда қолиб кетган ҳамкор-одамлар тўғрисида маълумотларни илк бор тақдим этишидир.
Газетанинг қайд этишича, сўнгги ҳафталарда Қатар кўмагида Кобулдан АҚШга эвакуация парвозлари тез-тез амалга оширилмоқда. Мазкур рейсларда америка фуқаролари, АҚШда яшаш учун рухсатномага эга бўлганлар, шунингдек, виза аризалари тўлиқ текширилган афғонлар ташилмоқда. Ҳар ҳафта бир нечта мана шундай рейслар ташкил этилади.
13 декабр куни Давлат департаменти 31 августдан бери Афғонистондан 479 нафар америка фуқароси, 450 нафар АҚШда яшаш учун рухсатномаси бор фуқаро, шунингдек махсус иммиграция визасига эга бўлган 2,2 мингта афғон эвакуация қилингани тўғрисида хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, 15 август куни Афғонистон пойтахти Толибон томонидан эгаллаб олинганидан сўнг , АҚШ ва унинг иттифоқчилари Кобулдан чет элликлар ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонларни эвакуация қилиш бўйича ҳарбий операцияларни ўтказган эди. Жангариларнинг қасос олишидан чўчиган афғонлар ўртасида юз берган пўполон ва ваҳима сабаб эвакуация чоғида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди ва яраланди. «Толибон» талабига кўра, 31 август куни эвакуация ишлари якунланди ва барча хориж ҳарбийлари Афғонистонни тарк этдилар. АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Кеннет Маккензининг таъкидлашича, икки ҳафта ичида унинг қўл остидагилар Кобулдан 79 мингдан ортиқ тинч аҳолини, жумладан 6 мингта америкалик ва 73,5 мингдан ортиқ учинчи давлат вакиллари ва афғонларни эвакуация қилишга муваффақ бўлганлар. Чет эл армия бўлинмалари кўмагида жами 123 минг чет эл фуқароси ва афғонлар Қобулдан ҳарбий транспорт самолётлари ёрдамида олиб кетилган.
Таъкидлаш жоиз, британиялик дипломатлар кейинчалик тан олганидек, чет эл ҳарбий қўшинлари билан ҳамкорлик қилган ва ҳозирда Толибон қатағонига дучор бўлиши мумкин бўлган ўн минглаб одамлар ҳамон Афғонистонда қолиб кетганлар. Ҳар куни ижтимоий тармоқларда толибларнинг собиқ ҳукумат вакилларидан, шунингдек чет эл қуролли кучлари билан ҳамкорлик қилган одамлардан вахшийларча қасд олаётганлари тўғрисида хабарлар тарқалмоқда.
*РФ ва кўпгина мамлакатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).