Европа Иттифоқининг 15та аъзо-давлатлари 40 мингта афғон қочқинларини доимий яшашлари учун қабул қилишга розилик беришди. Бу ҳақда ЕИ Ички ишлар бўйича комиссари Ильва Йоханссон (Ylva Johansson) мазкур давлатлар ички ишлар вазирлари билан учрашгандан сўнг маълум қилди, деб хабар беради «Ал Жазира» телеканали.
Германия энг кўп сонли афғон қочқинларини — 25 одамни қабул қилиши аниқ бўлди. Нидерландия 3159 та, Испания ва Франция — 2,5 мингтадан, қолган ЕИ 11 давлати 7 мингта афғон қочқинини қабул қилади.
«Бу Еврора Иттифоқи бирдамлигининг ажойиб кўриниши, деб ўйлайман»,— деди Йоханссон. У 40 мингта афғон қочқинининг назорат остида ЕИга кўчирилиши, «ноқонуний ташрифлар» олдини олишга туртки бўлишини таъкидлади.
БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссарлиги бошқармаси октябрь бошида Европа Иттифоқини беш йил давомида 42 500 нафар афғонни қабул қилишга чақирганди. Бироқ, иттифоққа аъзо 27 давлат бу таклифга кескин қарши чиққанди. Уларнинг орасида Хорватия, Греция ва Руминия бор.
«Толибон»* радикал ҳаракати август ойида ҳукуматни қўлга киритганидан сўнг, ЕИ мамлакатлари 28 мингта афғон қочқинларини қабул қилди. Қочқинларнинг аксарияти хориж ҳарбий қўшинлари билан ҳамкорлик қилган бўлиб, толиблар томонидан репрессияга учраши мумкин эди.
Гуманитар ташкилотлари маълумотларига кўра, Афғонистонда ҳукумат толиблар қўлига ўтганидан сўнг, ҳар куни минглаб афғонлар мамлакатни тарк этмоқдалар. Бунга толибларнинг пуштун бўлмаган этник гуруҳларга, собиқ ҳарбий ва ҳукумат вакилларига нисбатан ўтказаётган кескин сиёсати ва мамлакатда авжига чиқаётган иқтисодий танглик ва очарчилик сабаб бўлмоқда.
Бундан олдин ЮНИСЕФ (БМТ Болалар фонди) дунё ҳамжамиятини оғир аҳволда қолган 24 млн афғон ҳалқининг (Афғонистонда жами аҳоли 38 млн.ни ташкил этади) гуманитар эҳтиёжи учун $2 млрд миқдорида маблағ ажратишга чақирган эди.
«Афғонистондаги ҳозирги гуманитар вазият ўта оғир, айниқса болалар учун. Қиш фасли кириб келди. Қўшимча молиявий кўмак бўлмаса, ЮНИСЕФ ва унинг ҳамкорлари муҳтож оилаларга, болаларга ёрдам беролмайди», — деганди ЮНИСЕФнинг Афғонистондаги вакили Элис Акунга (Alice Akunga).
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).