«Толибон»* радикал ҳаракатининг амирул мўмини Ҳайбатулла Охунзода турмушга чиққан аёллар ҳуқуқларини тартибга келтирувчи фармонни имзолади. Фармон матни радикал ҳаракат матбуот котиби Забиулла Мужоҳиднинг Twitterдаги саҳифасида чоп этилган.
Жумладан, фармонда вояга етган қизларнинг ўз хоҳиш-истаклари билан турмушга чиқиши, уларни эрга тегишга мажбурламаслик борасида сўз юритилади. «Ўз муаммосини ҳал этиш ёки ўртадаги адоватга барҳам бериш ниятида қизларни турмушга беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», — дейилади фармонда.
Ҳужжатда, шунингдек бева аёлнинг эрини акаси ёки укасига мажбуран турмушга чиқишига йўл қўйилмаслиги айтилган, зеро бундай одат афғон жамиятида, айниқса қишлоқ жойларида кенг тарқалган. Толиблар етакчиси фармонига кўра, бева аёлнинг ўз ихтиёри билан эрга тегишга ва тақдирини ўзи ҳал этишга ҳаққи бор. Бундан ташқари, у ўлган эри меросидан ўз улушини олишга ҳақли ва бўлажак никоҳдаги мол-мулкда ўз ҳиссасига эга бўлади.
Фармонда барча судьяларнинг аёллар аризасини кўриб чиқиши, бева аёллар ҳақ-ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратишлари лозим экани айтилган.
Шуни таъкидлаш лозим, толиблар ҳукуматни қўлга киритганларидан сўнг радикал ҳаракат мулозимларининг аёллар дискриминацияга учрамаслигига доир мурожаатларига қарамасдан, аёллар ҳуқуқлари поймол этила бошланди.
Жумладан, ўрта ва катта ёшдаги қизлар таълим оладиган мактаблар ёпилди. Аёлларнинг спорт, бизнес билан шуғулланиши тақиқиланди, қизларнинг университетларда ўқишига тўсиқлар қўйила бошланди. Бундан ташқари, толиблар аёлларнинг матбуотдаги иштирокини ҳам кескин чекладилар. Хориж ташкилотларининг толиблар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортганлари туфайли Афғонистонда юзага келган мураккаб гуманитар вазият, қурғоқчилик сабаб, афғонлар оила аъзоларини боқиш учун ёш қизларини бўлажак хотинликка сота бошладилар.
Шуни айтиш лозим, Ҳайбатулла Охунзода толиблар Қобулда ҳукуматни қўлга киритганларидан сўнг бирор марта журналистлар олдида кўриниш бермаган. Унинг номидан чиқарилган бир неча фармон радикал ҳаракат вакиллари томонидан интернетда босма равишда амирул мўминин имзосиз эълон қилинган.
Октябрь сўнггида Охунзоданинг омма олдида нутқ сўзлагани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. Гўёки бу Қандаҳор шаҳрида бўлиб ўтганди. Толиблар бунга далил сифатида Охунзоданинг ўн дақиқалик адиоёзувини ва унинг издошлари билан тушган фотосуратини эълон қилдилар. Суратда одамлар юзини таниш имконсиз даражада эди.
Ахтар Мансур учувчисиз аппарат ёрдами ўлдирилганидан сўнг 2016 йилдан Охунзода радикал ҳаракатнинг етакчисига айланди. У авваллари ҳеч қачон омма орасида чиқишлар қилмаган ва унинг турар-жойи толиблар томонидан сир сақланган. Айрим экспертлар Охунзоданинг аллақачон ўлгани ёки ўлдирилганини таъкидлайдилар.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатлар томонидан террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).