Афғонистоннинг шимолий Жузжон вилоятидаги Қўштепа туманида истиқомат қилувчи ўзбек ва туркманлар «Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари томонидан яшаб турган уйларидан мажбуран қўчирилаётганликларига қарши норозилик намойишини ўтказдилар. Бу ҳақда журналист Моҳир Мудассир (Moheb Mudessir) Twitterдаги саҳифасида хабар қилди.
«Норозилик акцияси иштирокчилари пуштунтилли куча халқига мансуб одамлар уларнинг уйлари, ферма ва транспорт воситаларини тортиб олаётгани, бунга қаршилик кўрсатган кишилар толиблар томонидан ушланиб, қийноққа солинаётганини таъкидлайдилар», — деб ёзади Мудассир.
Афғонистонда куча деб аталадиган миллат 3 миллионни ташкил этади. Уларнинг аксарияти ярим йилда тураргоҳини ўзгартириб турадиган кўчманчилардан иборат. Ҳокимятдан маҳрум бўлган афғон ҳукумати маълумотларига кўра, «Толибон» қўмондонлари ичида кучаликлар кўпчиликни ташкил этади.
Ҳукуматни қўлга киритган толиблар турли вилоятларда маҳаллий ҳалқни кўчириб, уларнинг ерларини радикалларга ҳайрихоҳ пуштунларга бермоқдалар. Бундан олдин Дайкунди ва Урузган вилоятларида яшовчи шиа мазҳабига мансуб ҳазоралар ўз уйларидан қувғин қилингани тўғрисида хабарлар тарқаганди. Сентябрь ва октябрь ойида толиблар ушбу ҳудудларда 2,8 минг ҳазорани мажбуран қўчириб ташлаганлар. Қаерга боришини билмаган ҳазоралар ўзлари уюштирган қочқинлар лагерида яшамоқдалар.
Афғонистонда гуманитар вазият кескинлашиб боргани сари пуштун миллатига мансуб бўлмаган маҳаллий аҳолини ўз ерларидан мажбуран кўчириш амалиёти кучайиб бормоқда. Мамлакатда озиқ-оқват маҳсулотлари етишмайди. Миллионлаб катта ёшдаги одамлар ва болалар очликдан азоб чекмоқдалар.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина мамлакатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).