АҚШ «ИШИД-Хуросон»* гуруҳи (ИШИДнинг Афғонистондаги филиали)га алоқадор тўрт нафар афғонга нисбатан санкция эълон қилди. Бу ҳақда баёнот Давлат департаменти сайтида эълон қилинди.
Санкция рўйхатидан биринчи бўлиб Санаулла Гафари (Sanaullah Ghafari) ўрин олган. Америка ҳукуматига кўра, у 2020 йил июнидан бошлаб гуруҳга раҳбарлик қилади. «Гафари «ИШИД-Хуросон» томонидан Афғонистон ҳудудида содир этилаётган барча операцияларга ва уларнинг молиялаштириш ишларига жавобгар шахс ҳисобланади», — дейилади Давлат департаменти баёнотида.
Шунингдек, рўйхатда Қобул вилоятида операцияларни бошқарган мулла Ражаб Салоҳиддин (Rajab Salahudin) номи келтирилган. Америка ҳукумати Қобулдаги портлашлар айнан унинг режаси ва бошқарувида содир этилганини таъкидлайди.
Бундан ташқари, санкция рўйхатига террорчи гуруҳнинг юқори лавозимдаги қўмондони Султон Азиз Азам (Sultan Aziz Azam) ва «ИШИД-Хуросон»нинг халқаро молиявий операцияларига масъул шахс Исматулла Халозай (Ismatullah Khalozai) киритилган.
Бундан буён америкаликларнинг қора рўйхатга киритилган шахслар билан алоқа қилиши тақиқланади. Мазкур террорчиларнинг АҚШ юрикдикциясида аниқланган мулклари ҳибсга олинади.
Таъкидлаш жоиз, «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан Афғонистонда ҳукуматнинг қўлга киритилгунига қадар, «ИШИД-Хуросон» гуруҳи кам сонли жангарилардан иборат бўлиб, баъида улар шиа ҳазораларига қарши ҳужумлар уюштирар эдилар. Ҳукумат қулаганидан сўнг ушбу гуруҳ кескин фаоллашди, унинг сафидаги террорчиларнинг сони кескин ортиб борди.
Гуруҳ августдан бошлаб мамлакатнинг турли ҳудудларида ўнлаб босқинчилик операцияларини уюштирди. Натижада юзлаб тинч аҳоли вакиллари ва «Толибон» жангарилари ҳалок бўлди. Асосан ҳужумлар толиб патрулларига қарши, сунний ва шиа масжидлари, Қобулдаги йирик госпиталга қарши уюштирилди.
17 ноябрь куни БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Дебора Лайонс ҳозирда мазкур гуруҳ кенгайиб, мамлакатнинг 34 та вилоятида фаолият юритаётганини таъкидлади. «Бир пайтлар пойтахт ва баъзи бир вилоятларда мавжуд бўлган «ИШИД-Хуросон» бугунги кунда Афғонистоннинг барча вилоятларида бор ва у фаоллашиб бормоқда. Бу ҳолатга халқаро ҳамжамият эътибор қаратмоғи лозим», — дейди Лайонс. У 2020 йили террорчилар томонидан 60 марта ҳужум уюштирилган бўлса, бу кўрсатгич бу йили 334 тага етганини қўшимча қилади.
*РФ ва кўпгина мамлакатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилотлар (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).