Афғонистонда қизлар Туркиянинг «Маариф» жамғармаси кўмагидаги мактабларда ўқий бошладилар. Бу ҳақда «Анадолу» ахборот агентлиги фонд раҳбари Бирол Акгюнга (Birol Akgun) таянган ҳолда хабар беради.
Акгюн Афғонистоннинг бошланғич мактабларида қизларнинг таълим олиши учун муаммолар йўқ эканини айтади. У ўрта ва юқори синфларнинг тикланишида «анчагина ўсиш» борлиги айтиб, фонд томонидан бошқарилаётган мактабларга қизларнинг қайтаётганини таъкидлайди.
«Қобул ва Қандаҳорда қизларнинг ўрта ва юқори синфларда таълим олишлари учун чекловлар бор. Вақти келиб, бу муаммо ҳам ҳал этилади, деган умиддамиз. Мазкур масала [Афганистандаги] элчихонамиз орқали муҳокама қилинмоқда», — дейди Акгюн.
У юқорида тилга олинган шаҳарлардаги тўртта қизлар мактабида ҳозирча таълим йўлга қўйилмаганини маълум қилади.
Жамғарма Туркия ва Афғонистон ўртасида тузилган давлатлараро шартномага асосан уч йилдан бери фаолият юритиб келмоқда.
««Маариф» турк жамғармаси 6,5 мингта ўқувчи ва турли даражадаги 19 та мактабга эга…улар Қобул, Ҳирот, Жалалобод, Мазори Шариф, Қандаҳор, Майдоншаҳар ва Шибирғонда мавжуд. Айрим мактаблар фақат қизларнинг таълим олишлари учун мутахассислашган», — дейди у.
Афғонистон ҳукуматининг «Толибон»* томонидан эгаллаб олинганига бироз хавотир билдирган Акгун жамғарма тасарруфидаги мактаблар Қобулдаги Туркия элчихонаси кўмаги остида «ҳеч қандай йўқотишсиз» фаолиятини давом эттираётганини таъкидлайди.
«Музокаралар натижаси ўлароқ, янги ҳукумат қизларнинг таълим олиши масаласига тушунган ҳолда ёндашмоқда», — дейди «Маариф» раҳбари.
Акгюн 6,5 минг нафар ўқувчининг 40 фоизини қизлар ташкил этишини айтади.
Таъкидлаш жоиз, FETO ташкилоти (Анкара уни террорчи ташкилот деб тан олган) томонидан 2016 йили давлат тўнтаришга бўлган уринишлардан сўнг Туркия бу ташкилот билан боғлиқ хориждаги мактабларни бошқариш учун «Маариф» фондини тузди.
Афғонистон мактабларида қизларнинг таълим олиш масаласига келсак, ҳукуматни толиблар эгаллаганидан сўнг бу масала жиддий чекловларга дуч келди. Қўпгина вилоятларда қизлар учун ўрта таълим мактаблари ҳанузгача ёпиқ, гарчи ўғил болаларнинг билим олиши давом этаётган бўлсада. Ҳозирда Балх, Қундуз, Сари-Пул ва Бамиан вилоятларидаги тўртта давлат мактабидагина барча ёшдаги қизларнинг ўқиш имконияти бор. Шунингдек, олий ўқув юртига кирмоқчи бўлган қизлар ҳам турли чекловларга дуч келмоқдалар.
* «Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина мамлакатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).