ВВС радиоэшиттириш компанияси БМТ Болалар фонди (ЮНИСЕФ) вакилларининг афғон болаларини полиомиелитга қарши уйларида эмланишига «Толибон» радикал ҳаракатининг тўсиқ бўлаётганига доир далил келтиради. Унга кўра, толиблар тиббиёт ходимларининг болаларни уйда эмлашига қаршилик қилишган ва бу амалиёт фақат масжидда ўтказилишини талаб қилишган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФ «Толибон» ҳаракати билан келишган ҳолда вакцинация амалиётини амалга ошираётган эди.
Октябрда БМТ Афғонистон аҳолисига зарур тиббий ёрдам берилиши борасида «Толибон» вакиллари билан «олий даражада» келишувга эга бўлганини таъкидлаганди.
Шунингдек, музокарада толиблар аёллардан иборат тиббиёт ходимларининг эмлаш кампаниясида иштирок этишига рухсат бергани ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашни бўйнига олишгани хабар қилинганди.
Бироқ, радикал ҳаракат ўз зиммасига олган мажбуриятни бажармаган ва эмлаш ишлари фақат масжидларга олиб борилиши кераклиги шартини қўйган.
Ташкилот вакиллари эмлаш ишлари тўхтаб қолса, болалар полиомиелит касаллигига чалиниши мумкинлигидан хавотир бирдирадилар.
Таъкидлаш жоиз, толиблар Афғонистонда ҳукуматни эгаллаганидан сўнг мамлакатда гуманитар вазият ўта оғир аҳволга келиб қолди. 8 ноябрь куни БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури раҳбари Дэвид Бизли дунё лидерларини Афғонистонда ҳукм сураётган очарчиликни бартараф этиш учун тезкорликда чоралар кўришга чақирди.
«Вазият тасаввурга сиғмас даражада ёмон. Дарҳақиқат, гап Ер юзидаги энг ёмон гуманитар кризис тўғрисида бормоқда», — дейди Бизли.
«Мамлакат аҳолисининг 95% керакли озиқ-овқатдан маҳрум, ҳозирда эса 23 млн одам очарчилик жари ёқасига келиб қолган», — деди Қобулга ташриф буюрган Жаҳон озиқ-овқат дастури раҳбари.
«Кейинги олти ой ўта даҳшатли бўлади. Бу ер жаҳаннамга айланади», — деди Бизли.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина мамлакатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).