Афғонлар тирикчилик учун зовурлар ковлайдилар

TOLOnews сайти фотосурати

«Толибон»* радикал ҳаракати афғонларга буғдой учун Қобул атрофида зовурлар ковлашни таклиф қилди. Толиблар ҳукуматининг Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазирлиги мана шундай дастурни жорий қилди, деб хабар беради TOLOnews телеканали.

Дастурга кўра, ёмғир суви бекордан исроф бўлмаслиги ва керакли ҳудудга йўналтирилиши учун ёлланган ишчилар Қобул атрофидаги дўмликларда зовурлар ковлайдилар.

Ишчиларга меҳнат ҳақи учун буғдой вада қилинган.

«40 мингдан ортиқ одам иш билан таъминланади, улар қилган меҳнатлари учун буғдой оладилар. Бу ташаббус яқин орада бошқа вилоятларда ҳам қўлланилади», — дейди «Толибон»нинг расмий вакили Забиулла Мужоҳид.

Радикал ҳаракат мулозимлари меҳнат учун буғдой бериш тажрибаси бошқа вилоятларга ҳам тарқалишини таъкидладилар.

«[Афғонистон**] Ислом Амирлиги камбағаллик ва озиқ-овқат таназзулига қарши дастурни жорий этди», — дейди Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири вазифасини бажарувчи Абдулраҳим Рашид.

«Ҳукумат ўзгаргунга қадар мен Мудофаа вазирлигида ишлар эдим. Оиламни боқиш учун энди зовур қазишга мажбурман», — дейди дастурда иштирок этаётган Маъсуд исмли йигит TOLOnews журналистига.

Шуни таъкидлаш жоиз, августда ҳокимият толиблар қўлига ўтганидан сўнг мамлакатда гуманитар вазият кескин таранглашди. БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда 14 млн афғон очликка йўлиққан.

Одамларнинг очликдан ўлаётгани ҳолатлари ҳам учрамоқда. Куни-кеча ижтимоий тармоқларда Қобулда 8 нафар боланинг очликдан ўлгани муҳокама қилинди. Ўлган болажонларнинг энг каттаси 8, энг кичиги 1 ёшда бўлган. Улар ота-онасидан маҳрум бўлиб, кўчаларда овқат учун тиланчилик қилиб юрганлар.

Халқаро озиқ-овқат дастури ҳозирги кунда Афғонистондаги муҳтож одамларга озуқа маҳсулотларини тарқатиш билан шуғулланмоқда. Сентябрь ойида ташкилот 4 млн афғонга ёрдам кўрсатди ва бу кўрсатгич август ойига нисбатан уч баробар кўпдир.

Бундан ташқари, кўпгина давлатлар Афғонистонга гуманитар ёрдамини бермоқдалар. Жумладан, Ўзбекистон ҳукумати Балх вилоятига 1300 тонна инсонпарварлик ёрдамини юборди. Гуманитар ёрдам «Ҳайратон» чегара пости орқали темир йўл билан етказиб берилди. Толиблар Ўзбекистондан келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари, медикамент ва кийим-кечакларни турли афғон вилоятларидаги ёрдамга муҳтож одамларга тарқатишини маълум қилдилар.

Эслатиб ўтамиз, сентябрда Термизда Афғонистонга гуманитар ёрдам етказиб бериш бўйича бош логистик марказ барпо этилди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

** «Толибон»нинг 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонда ҳукм сурган пайтидаги сиёсий тизим номи. Толиблар 2021 йил августда қайтадан иқтидорга келганидан сўнг ушбу номдан яна фойдалана бошладилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ