Саудия Арабистони COVID-19га қарши эмланган чет эл фуқароларини мамлакатга киритмоқда

Одамлардан бўшаб қолган Каъаба. «Ал Жазира» телеканали кадри

Саудия Арабистони томонидан маъқуллаган вакциналардан эмланган хориж фуқаролари 10 октябрдан бошлаб мамлакатда умра зиёратини амалга оширишлари мумкин. Бу ҳақда Gulf Business нашри Қиролликнинг Ҳаж ва умра вазирлиги берган баёнотига таянган ҳолда хабар беради.

Pfizer-BioNTech, Oxford-AstraZeneca ёки Moderna вакциналаридан икки марта ёки Johnson & Johnson вакцинасидан бир марта эмланган чет эл фуқаролари мамлакатга ташриф буюра оладилар. Саудия Арабистони ҳукумати айнан шу вакциналарни маъқуллаган.

Таъкидлаш жоиз, COVID-19 га қарши Россияда ишлаб чиқилган бирорта вакцина ҳозирча Саудия Арабистони томонидан маъқулланмаган.

Қироллик Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабарига кўра, Sinopharm ёки Sinovac вакциналаридан эмланган инсонлар ҳам мамлакатга киритилади, лекин улар мазкур ҳукумат маъқуллаган қўшимча вакцина уколидан фойдаланган бўлишлари керак.

Саудия Арабистони ўтган йил ёзда пандемия туфайли чет эл фуқароларининг мамлакатга ташрифини чеклаган эди.

10 октябрь куни Қироллик Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганликнинг 59 та ҳолатини аниқлаган ва шу билан мамлакатда COVID-19га чалинганларнинг умумий сони 547 591 нафар одамга етган. Шунингдек, шу куни инфекциядан иккита одам вафот этгани қайд этилган. Саудия Арабистонида пандемия бошланганидан бери коронавирусдан ўлганлар сони 8 745 та одамни, касалликдан тузалганларнинг сони 536 626 та одамни ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ