Толиблар АҚШни Афғонистон ҳаво ҳудудини бузмасликка чақирди

MQ-9 "Ўроқчи" учувчисиз аппарати. GA-ASI компания сайти фотосурати

«Толибон»* радикал ҳаракати АҚШни Афғонистон ҳаво ҳудудини бузиш ёмон оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди. 29 сентябрь куни ҳаракатнинг расмий вакили Забиулла Мужоҳид Twitterдаги саҳифасида шу мазмунда баёнот берди.

«Халқаро ҳуқуқ нормаларига асосан фақат давлатларнинг ер ва ҳаво суверенитети мавжуд. Шундай қилиб, Афғонистон Ислом Амирлиги** Афғонистондаги ягона ер ва ҳаво ҳудудига эгадор қонуний суверен тузилма ҳисобланади. Яқинда биз АҚШнинг мамлакатимиз муқаддас ҳаво ҳудидини учувчисиз аппаратлар билан бостириб кириш орқали Доҳада ўз зиммасига олган мажбуриятларини ва ҳалқаро ҳуқуқ нормаларини бузганлигига гувоҳ бўлдик. Бундан қонунбузарликка чек қўйилиши керак. Биз барча давлатларни, айниқса АҚШни келгусида салбий оқибатларни олдини олган ҳолда Афғонистонга нисбатан ҳалқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилишга ва ўз мажбуриятларини бажаришга чақирамиз», — дейилган ҳужжатда.

Ҳужжатда АҚШнинг айнан қайси учувчисиз аппаратлардан фойдаланганига аниқлик киритилмаган. Бу ерда америкалик ҳарбийларнинг Қобул аэропортида хорижий фуқаролар ва афғонларни эвакуация қилиш чоғида амалга оширган иккита ҳаво ҳужуми назарда тутилган кўринади.

Илк бор америкалик ҳарбийлар учувчисиз аппарат ёрдамида Нангархар вилоятидаги террорчиларни бомбардимон қилганди. Маълумки, террорчилар Қобул аэропортидаги портлашларда алоқадор саналган. Ўшанда 200 та одам ҳалок бўлганди. Иккинчи бор американинг учувчисиз аппарати Қобулдаги бир уйни вайрон қилганди. Оқибатда террорчиларга алоқаси бўлмаган ўнта одам ўлганди, уларнинг еттитаси болалар бўлган.

Шуни қўшимча қиламиз, бундан бир кун олдин АҚШ Сенати мажлисида Штаб бошлиқлари қўмитаси раиси генерал Марк Милли толиблар, гарчи улар Доҳадаги шартномада бўйича буни ўз зиммаларига олган бўлсаларда, ҳанузга қадар «Ал Қоида»* террорчи ташкилоти билан алоқасини ўзмаганини таъкидлади.

«Бизлар «Толибон»нинг террорчи ташкилот эканини унутмаслигимиз керак. Улар бугунга қадар «Ал Қоида» билан алоқасини узгани йўқ… Қўшма Штатларига тажовуз қилишга ошиқаётган «Ал Қоида» ва «ИШИД»нинг оёққа туриши — бу реал воқелик бўлиши мумкин», — деди генерал.

Бундан олдин МРБ собиқ раҳбари Майкл Морелл «Ал Қоида»нинг раҳбари Айман аз Завахири Афғонистонда яширинганини маълум қилганди. Унинг фикрига кўра, бордию «Ал Қоида» Афғонистонда паноҳ топадиган бўлса, у ҳолда бу террорчи ташкилот «бор-йўғи 12 ойда» оёққа туриб олади.

*РФ ва кўпчилик давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

** «Толибон» 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонда ҳукм сурган пайтдаги сиёсий тизим номи. Толиблар 2021 йил августда қайтадан иқтидорга келганидан сўнг ушбу номдан яна фойдалана бошладилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ