«Толибон»* радикал ҳаракати 1996 йилдан 2001 йилга қадар Афғонистонда ҳукмдорлик қилган даврда жиноятчилар қўлларини кесиш ва уларни қатл этиш каби жазоларни яна қўллайдиган бўлди. Бу ҳақда ҳаракатнинг олий мулозимларидан бири Нуриддин Туроби (Nooruddin Turabi) «Ассошиэйтед Пресс» агентлигига берган интервьюсида гапириб ўтди.
Туроби бу каби жазолар 1990 йиллари каби омма олдида амалга оширилмаслиги мумкинлигига аниқлик киритди. У пайтлар толиблар бундай жазоларни амалга ошириш учун одам тўла стадионлардан фойдаланган эдилар.
«Стадионларда берган жазоларимизни барча танқид қилди, лекин биз уларнинг ўзлари қўллаётган қонун ва жазолар тўғрисида ҳеч нарса демаганмиз. Бизга қонунларимиз қандай бўлиши кераклигини ўргатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Биз Ислом ва Қурьони Каримга асосланган қонунларни қўллаймиз», — дейди мулла.
Нуриддин Туроби толиблар Афғонистонни бошқарган пайти Ислом қадриятларини тарғибот қилиш вазирлигини бошқарган.
У пайтлар кўпгина давлатлар радикал ҳаракат ҳукумати қуллаётган жазоларни кескин қоралаганди.
Қотилликда айбланган инсонни бошига ўқ узиш билан жазолаганлар ва ушбу жазони жабр кўрган оила аъзоларидан бири амалга оширган. Ўғрилик қилган жиноятчиларга нисбатан уларнинг қўлларини чопиб ташлаш жазоси қўлланилган. Тажовузлик қилган инсоннинг қўл ва оёқлари кесиб ташланган.
Суд жараёни ва айблов ҳукмини чиқариш камдан-кам очиқ ва ошкора олиб борилган. Одатда судя вазифасини бирорта дин мулозими бажарган.
«Жиноятчиларни қўлларини чопиб ташлаш хавфсизлик учун керак чора», — дейди Туроби берган интервьюсида. Унинг фикрича, бу жамиятда жиноятчиликни олдини оладиган омилдир. Шунингдек, у сентябрь бошида толиблар томонидан барпо этилган Вазирлар маҳкамаси жазоларни омма олдида ижро этиш масаласини кўриб чиқишини таъкидлади.
Афғонистонда тузилган янги ҳукуматда Туроби қамоқхоналар учун жавобгар мулозим ҳисобланади.
Таъкидлаш жоиз, радикал ҳаракат Ислом қадриятларини тарғибот қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлигини қайта тиклади ва у аёллар масаласи бўйича вазирликнинг ўрнини эгаллайди.
23 сентябрь куни «Толибон»нинг расмий вакили Забиулла Мужоҳид халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистон янги ҳукуматига нисбатан қўйган шартлари толибларга тўғри келмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, мазкур шартлар «халқаро қонунчилик нормаларини бузади». Бироқ, Мужоҳид айнан қайси шарт ёки талаб тўғрисида гап кераётганига аниқлик киритмаган. Жаҳон ҳамжамияти ўз навбатида радикал ҳаракатдан аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни, турли этник ва сиёсий гуруҳлардан ташкил топган ҳукуматни барпо этишни талаб қилмоқда.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).