Байденни қутқариб қолган афғон таржимони ёрдам сўради

СЕНАТОР ЖО БАЙДЕН (ЎНГДАН УЧИНЧИ) АФҒОНИСТОНДА. THE WALL STREET JOURNAL САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Бундан 13 йил олдин (у пайтлар сенатор, ҳозирда АҚШ президенти) Жо Байденнинг омон қолишига сабабчи бўлган афғонистонлик таржимон Муҳаммад Америка президентига мурожаат қилиб, у ва унинг оиласини Афғонистондан эвакуация қилишларини сўраган. Таржимоннинг очиқ ҳати The Wall Street Journal газетасида чоп этилган.

Газета таржимоннинг фақат исмини келтиради. «Толибон»* радикал ҳаракати ҳукумат тепасига келгандан сўнг инсонлар хавфсизлигидан ҳавотирга тушган АҚШ армияси ва бошқа хориж қўшинлари Қобул аэропорти орқали ўз фуқаролари ва афғонларни эвакуация қилиш бўйича икки ҳафталик операцияни амалга оширдилар ва унда Муҳаммад оиласи билан четда қолиб кетган.

Муҳаммаднинг очиқ хатида ёзилишича, 2008 йили АҚШ сенаторлари Жо Байден, Жон Керри ва Чак Хейгел вертолётдаги сафари давомида қорли бўрон туфайли қийин вазиятга тушиб қоладилар ва Афғонистоннинг бир водийсига қўнишга мажбур бўладилар.

У пайтлар 36 ёшни қоралаган таржимон АҚШнинг 82-чи ҳаво-десант дивизияси билан сенаторларни қутқаришга йўл олади. Муҳаммад америкалик аскарлар билан вертолёт қўнган жойни бир кундан ортиқ қўриқлайди ва маҳаллий халқ билан мулоқотда бўлади.

Кейинчалик бир неча йил давомида Муҳаммад оиласи билан Афғонистонни тарк этишга уринади, бироқ бюрократик тўсиқлар туфайли унинг ҳаракатлари зое кетади.

Толиблар Қобулни эгаллаганларидан сўнг Муҳаммад аэропортга боради, бироқ америкалик ҳарбийлар фақат уни ичкарига киритишга рухсат берадилар. Муҳаммаднинг хотини ва тўртта фарзандига рухсат бермайдилар.

Натижада собиқ таржимон Қобулда қолиб кетади. Муҳаммад толибларнинг оила аъзолари ҳаётига хавф солишига ишончи комил.

Сўнгги пайтлар ижтимоий тармоқларда 2011 йили АҚШ армияси томонидан ўлдирилган «Ал-Қоида»* етакчиси Усама бен Ладеннинг яқин ёрдамчиси бўлмиш Амин ул Ҳақнинг Афғонистонга қайтгани тўғрисида видеолар тарқалди. Амин ул Ҳақ сўнгги америкалик ҳарбийларнинг мамлакатни тарк этишларидан бир неча соат аввал Афғонистонга кириб келган. Хабарларга кўра, ул Ҳақ шарқий провинция саналмиш Нангархарда жойлашган она шаҳрига йўл олган.

Шуни қўшимча қиламиз, 2020 йил февралда «Толибон» ва АҚШ ўртасида имзоланган шартномага биноан толиблар «Ал-Қоида» билан алоқаларини узиш мажбуриятини зиммасига олганлар.

* РФ ва бир қатор мамлакатларда террорчи деб тан олинган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз)

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ