«Толибон» радикал ҳаракати (Россия ва кўп давлатларда тақиқланган ташкилот) Афғонистондаги жами 34 та маъмурий марказнинг 17 таси чегарасига яқинлашиб қолган. Бу ҳақда АҚШ армияси Бирлашган штаб қўмондонлари қўмитаси раиси генерал Марк Милли «Ал-Жазира» телеканалига маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, Афғонистондаги қишлоқларнинг ярми жангарилар назоратига ўтган. «Улар асосий аҳоли пунктлари [провинциялар]ни изоляция қилишмоқчи. Бу усулни [афғонлар пойтахти] Қобулга нисбатан ҳам қўллашмоқчи», — дейди Милли.
Милли толиблар томонидан ҳокимият тўла қўлга олишини хавфи борлигини айтади. Шунингдек, генерал 1990-чи йилларда бўлгани каби мамлакат дала қўмондонлари ўртасида бўлиниб олиниши мумкинлигини назардан соқит қилмайди.
У америка қўшинларининг 95 фоизи Афғонистондан олиб кетилганини маълум қилди. АҚШ ҳарбийлари ўзлари фойдаланган барча оператив базаларни Афғонистон мудофаа маҳкамасига топширган. Мамлакатда АҚШ элчихонаси ва пойтахт аэропортини қўриқлаш мақсадида 650 нафар ҳарбий хизматчи қолдирилади. Америкаликлар Қобул аэропортини ҳимоя қилиш борасида Туркияга ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Бундан олдин Доҳада толиблар ва афғон ҳукумати вакиллари Қурбон Ҳайити муносабати билан уч кунлик сулҳ имзолаганлар. Афғон ОАВга кўра, ҳақиқатан мамлакатда жанглар бироз камайган. Вақтинчалик сулҳ 23 июль куни тугайди.
Шу йилнинг 1 май куни Қўшма Штатлари Афғонистондаги ҳарбий қўшинларини олиб чиқиб кетишини эълон қилганидан сўнг толиблар ва ҳукумат қўшинлари ўртасида жанглар кескинлашиб кетди. Икки ойлик ҳужумлардан сўнг жангарилар Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистон чегараолди ҳудудларини тўлиқ назоратига олдилар.