Тошкентдаги барча клиникалар туну-кун ишлаш режимига ўтади

Тошкентдаги поликлиника . "Яндекс.Карты"сайти фотосурати

Уч мингдан ортиқ врач ва ҳамширалар ишлаётган пойтахтнинг 75 та поликлиникаси туну-кун ишлаш режимига ўтади ва COVID-19 нинг енгил ва симптомсиз кўринишига чалинган беморларига хизмат кўрсатади. Пойтахт врачларини ишга сафарбар этиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевгга топширилган. 20 июль куни бўлиб ўтган мажлисда президент Шавкат Мирзиёев мана шу ҳақда гапириб ўтди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Президент барча поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари тўлиқ ишга жалб этилмаганидан норозилик билдирган. Мисол учун ҳар бирида 50 тадан 200 гача мутахассис ишлаётган Тошкентдаги 11 та профил маркази ва 64 та оилавий поликлиникада беморлар фақат куннинг биринчи ярмида қабул қилинади. Деярли барча шифохоналарда рентген-диагностика кабинети бор, лекин улардан фойдаланилмай келиняпти. Ушбу тиббий муассасаларда учта одамдан иборат мобил гуруҳлар ташкил этилади ва улар коронавирусга чалинганликда гумон қилинаётган одамларга маслаҳат бериш, патронаж хизматини кўрсатиш билан шуғулланадилар.

Тошкент шаҳрида мавжуд 16 та клиникага қўшимча COVID-19 га шубҳали беморлар учун мўлжалланган яна 7 та 850 ўринли “провизор” клиникалар ташкил қилинган. Ушбу клиникаларнинг тиббиёт ходимларига ҳар бир иш куни учун ойлик маошининг 6 фоизи миқдорида устама ҳақ тўлаш масаласи ҳал қилинди.

Коронавирусга чалинган беморлар билан ишлаётган ҳар бир махсус шифохонада алоҳида тижорат банкининг кассалари ташкил қилиниб, шифокорларнинг 14 кунлик иш хақини жойида олиш тизими жорий этилади.

Мажлисда коронавирусли беморлар учун ажратилган шифохоналарга қўшимча 285 дона ўпка сунъий вентиляцияси аппарати, 155 дона ўпкани ёрдамчи нафас олдириш ускунаси, 140 дона кислород концентратори, 200 та функционал ётоқлар билан таъминлангани қайд этилган.

Тошкент шаҳри тез тиббий ёрдам станциясида операторларнинг меҳнат шароити яхшиланган ва бир сменада фаолият олиб бораётган операторларнинг сони 40 тадан 100 нафарга етказилган. Станцияга қўшимча электр тармоғи уланган, бригадалар сони 250 тагача кўпайтирилган. Тошкент вилояти тез тиббий ёрдам хизмати учун жами 100 та “Дамас” амбуланс машинаси ажратилди, шулардан 25 таси жойларга тарқатилган. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг туман бўлимларига коронавирусга ПЗР-анализи олишга ва таҳлил жавобини Республика агентлигига юбормасдан, бевосита беморларга топшириш тартиби ўрнатилган ва бу орқали таҳлил жавобларини кутиш даври қисқарган. Тошкент шаҳри хокимлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда ҳар бир туман ҳокими ўз ҳудудида жойлашган тиббиёт муассасаларини доимий асосда кислород билан тўлдириб боришга шахсан масъуллиги белгиланган.

Коронавирус билан касалланган беморларни даволаш жараёни учун 49 хил турдаги дори воситалари захираси учун дастлабки 10 миллиард сўм ($981 минг) пул ажратилиши режалаштирилди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ва вилоятида дори воситалари захираси учун «Дори-Дармон» компанияси 20 млрд ($1,9 млн) ва 10 млрд сўм ($981 минг) айланма маблағ сифатида йўналтиради. «Бугунги кунда республика ва маҳаллий бюджетлардан молиялаштириладиган ҳар қандай харажат устувор равишда пандемияга қарши кураш тадбирларига қаратилиши шарт. Бундан муҳим харажатлар бўлиши мумкин эмас», – деган президент.

Республика пойтахти ва Тошкент вилояти бугунги кунда COVID-19 тарқалиши жиҳатидан энг хавфли ҳудудларга айланган. Кейинги тўрт кун ичида бу ерда 1218 та бемор, яъни мамлакат бўйича коронавирусга чалинганларнинг 60 фоизи (республика бўйича жами 2136 та ) аниқланган.

Тошкент шаҳри ва вилояти тиббий муассасаларига қўйимча персонал сафарбар этилади. Масалан, Тошкент вилояти ҳокимлиги Зангиотадаги янги клиникига тезликда ҳамширалар қабул қилинаётганини эълон қилди. Эълонда график бўйича 14 кунлик иш ҳақи 15 млн сўмни ($1500га яқин) ташкил этиши айтилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ